ТОШКЕНТ, 24 сен — Sputnik. “Олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига ишга борадиган олий таълим муассасалари битирувчиларининг меҳнатини янада рағбатлантириш тўғрисида” ҳукумат қарори лойиҳаси умумий муҳокамага қўйилди.
Олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган олий маълумотли мутахассисларга (кейинги ўринларда олий маълумотли мутахассис деб аталади) бир марталик бошланғич ёрдам пули ва уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси бериш ҳамда уларни уй-жой билан таъминлаш тизимини жорий қилиш тўғрисидаги таклифига розилик бериш назарда тутилмоқда.
“Олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган олий маълумотли мутахассисларни рағбатлантириш бўйича янги механизм 2021 йил 1 январдан бошлаб жорий қилинади,” – дейилган ҳужжатда.
Шунингдек, олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларида бошқа ҳудудлардан келиб фаолият юритаётган олий маълумотли мутахассисларга бериладиган бир марталик бошланғич ёрдам пули (кейинги ўринларда бошланғич ёрдам пули деб аталади) базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараварига ҳамда уй-жойларни ижарага олганлик (ижарада турганлик) учун ҳар ойлик пул компенсацияси (кейинги ўринларда ҳар ойлик пул компенсацияси деб аталади) базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 бараварига тенглаштирилади.
Бир марталик бошланғич ёрдам пули ва ҳар ойлик пул компенсацияси ҳамда уй-жой шароитини яхшилаш бўйича имтиёзлардан олий таълим муассасасининг бакалавриати ва магистратурасини (таълим шаклидан қатъий назар – кундузги, сиртқи, кечки, шунингдек иккинчи мутахассислик)
тамомлаганидан кейин уч йил мобайнида олис ҳудудларда жойлашган бюджет ташкилотларига ишга кирган битирувчилар фойдаланиш ҳуқуқига эга.
Ҳар ойлик пул компенсацияси олий маълумотли мутахассис ишга қабул қилинган ойдан бошлаб 36 ой мобайнида тўланиши, бунда хизмат уй-жой майдони берилган тақдирда ёки у уй-жой сотиб олганда, унинг ваколатлари тўхтатилганда ва тугаганда пул компенсацияси тўлаш тўхтатилади.