ТОШКЕНТ, 21 сен — Sputnik. АҚШ Россия билан ҳар қандай таклиф қилинган мавзуларни муҳокама қилишга тайёр, аммо Европадан ядро қуролини олиб чиқмайди, деди АҚШ президентининг махсус вакили Маршал Биллингсли "Коммерсант" газетасига берган интервюсида.
АҚШ ядро қуролини Европадан олиб чиқишга тайёрми ёки йўқми деган саволга у: "Йўқ, биз буни қилмаймиз. Аммо Россия биз билан гаплашмоқчи бўлган ҳамма нарсани муҳокама қилишга тайёрмиз" деди.
"Биз Россия томонининг позициясини ўта жиддий қабул қиламиз ва ўзаро манфаатли масалалар, шунингдек томонлардан бирини ташвишга соладиган масалалар бўйича профессионал мулоқот ўтказишни муҳим деб биламиз. Шунинг учун шак-шубҳасиз биз Россия билан НАТО ҳақида ва альянс аъзоларига берилган ядровий тийиб туриш кафолатларимиз тўғрисида гаплашишга тайёрмиз. Аммо биз ядровий қуролни, у сақланадиган бирон бир жойидан олиб чиқмаймиз. Россия Федерациясидан ҳам шуни талаб қилмаймиз. Биз Россия ҳукуматидан Калининграддан барча ядро қуролларини олиб чиқишини ёки шунга ўхшаш нарсаларни қилишни талаб қилмаяпмиз", - деди Биллингсли.
Венада 17-18 август кунлари РФ ва АҚШ ўртасида стратегик барқарорлик ва қуролларни назорат қилиш бўйича маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раунди бўлиб ўтди. Делегацияларга Россия ташқи ишлар вазирининг ўринбосари Сергей Рябков ва АҚШ президентининг қурол назорати бўйича махсус вакили Маршал Биллингсли бошчилик қилишди. Натижада Рябковнинг сўзларига кўра, музокараларда Америка томони СНВ-3ни узайтириш имконияти йўқлигини намойиш қилди, Вашингтон бу ниятини қайд этишга тайёр эмас.
Стратегик ҳужумкор қуролларни қисқартириш тўғрисидаги шартнома (СНВ-3) - Россия ва АҚШ ўртасида қуролларни чеклаш бўйича амалдаги ягона шартнома ҳисобланади. У 2021 йил 5 февралдан кейин ўз фаолиятини тўхтатади. Илгарироқ Россия президенти Владимир Путин дастлабки шартларсиз шартномани беш йилга узайтиришни таклиф қилган эди. Шу вақт АҚШ администрацияси турли даражаларда Россия, Хитой ва АҚШ ўртасида янги уч томонлама ядровий битим бўйича музокаралар олиб бориш учун музокараларга Хитойни қўшиш зарурлигини таъкидламоқда. Пекин бу фикрни рад этмоқда.