ТОШКЕНТ, 14 сен — Sputnik. Россия Ички ишлар вазирлиги чет элликларга шахсий маълумотлари бўлган ID-карта беришни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда РИА Новости хабар қилмоқда.
Федерал қонунга ўзгартириш киритиш концепция лойиҳаси Россияда узоқ муддат бўладиган ва доимий яшашга рухсат олган чет эл фуқароларига ID-карталарни бериш мумкинлигини назарда тутади.
Лойиҳага кўра, карта чет элликнинг аризасига биноан берилади. Уни олиш учун бармоқ изларини топшириш, суратга тушиш ва тиббий кўрикдан ўтиш талаб этилади. Картанинг амал қилиш муддатини 10 йил этиб белгилаш режалаштирилмоқда.
Агар мигрант Россияда 90 суткадан кам муддатда яшашни режалаштираётган бўлса, карта олиш шарт эмас.
“Турли тоифадаги чет эл фуқаролари учун мавқеига қараб ID-картани амал қилиш муддатини тўхтатиб қўйиш ва яна қайта тиклашнинг турли асосларини белгилаш таклиф қилинмоқда”, - дейилган ҳужжатда.
Карта мамлакат технологиялари асосида тайёрланиши, қалбакиларидан криптографик муҳофазага эга бўлиши керак. Шунингдек, у Интернетда юридик операцияларни ўтказишга имкон бериши даркор.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда “номақбул” хорижликларни чиқариб юборишнинг янги усули қўлланилиши хабар қилинган эди.