ТОШКЕНТ, 11 сен - Sputnik. Айни дамда Россияда бўлиб турган хорижий фуқароларнинг Россия ҳудудида яшаш ва ишлашга рухсат берувчи ҳужжатлари муддати яна бир бор узайтирилади. Бу ҳақида Россия ИИВ Миграция бўлими бошлиғи Валентина Казакова РИА Новостига берган интервьюсида айтиб ўтди.
"Айни дамда пандемия туфайли чегараларни кесиб ўтишга бўлган чекловлар ҳалигача амал қилаётгани туфайли биз хорижий фуқаролар учун Россия ҳудудида вақтинча яшаш ва меҳнат қилишга рухсат берувчи барча турдаги ҳужжатлар, жумладан виза, патент, яшашга рухсатнома ва бошқа рухсатномалар муддатини 2 маротаба узайтирдик. Улар 15 сентябрдан сўнг ҳам узайтирилиш эҳтимоли жуда катта", - деди Казакова.
Шу билан бирга Россия Миграция хизмати раҳбари бу йил Россияда миграция соҳасида янги қонун ишлаб чиқилганини ва у келажакда хорижий фуқаролар ишлаши учун ҳужжатлар расмийлаштиришда жуда қулай бўлиши ҳақида хабар қилди. Янги қонун матни 2021 йилда эълон қилинади.
Эслатиб ўтамиз, Россия президентининг фармонига асосан хорижий фуқаролар ҳужжатлари биринчи маротаба 15 мартда 3 ойга ва иккинчи маротаба 15 июнда яна 3 ойга узайтирилган эди.