Ўзбекистон Афғонистон бўйича музокаралар босқичларидан бирини ўтказишга тайёр

Республика афғонлараро музокараларнинг кейинги босқичларидан бирини Самарқанд шаҳрида ўтказишга тайёрлигини билдирди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 сен — Sputnik. Ўзбекистон ҳукумати афғонлараро музокараларнинг кейинги босқичларидан бирини Самарқанд шаҳрида ўтказишга тайёрлигини билдирди. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилмоқда.

9 сентябрь куни “Ўзбeкистон-АҚШ-Афғонистон” уч томонлама ҳамкорлик механизмининг Сиёсат бўйича қуйи қўмитаси биринчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Делегацияларга Ўзбекистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Фурқат Сидиқов, АҚШ давлат котибининг Афғонистон бўйича ёрдамчиси ўринбосари Ненси Жексон, Афғонистон ташқи ишлар вазири ўринбосари Мирвайс Нааб раҳбарлик қилди. 

“Учрашув иштирокчилари афғонлараро музокараларнинг биринчи доирасини Доҳа шаҳрида (Қатар) ўтказиш тўғрисидаги қарорни мамнуният билан қўллаб-қувватлади. Ўзбекистон томони музокараларнинг кейинги босқичларидан бирини Самарқанд шаҳрида ўтказишга тайёрлигини билдирди”, - дейилган хабарда.

Томонлар Афғонистон учун Кенг қамровли тинчлик дастурини ишлаб чиқиш ва амалга ошириш зарурлигини билдириб, у минтақавий ва глобал ёндашув асосида тайёрланиши муҳимлиги таъкидлади.

Икки томонлама савдо-иқтисодий алоқаларни кўламини ошириш, транспорт-коммуникация, инфратузилма ва инвестиция лойиҳаларини амалга оширишни жадаллаштириш ҳамда Афғонистон иқтисодиётини изчил ривожланишига кўмаклашишнинг муҳимлиги қайд этилди. 

Лоя жирға 400 маҳбус толибларни озод қилишга рози бўлди: Ўзбекистон ТИВ муносабати

Аввалроқ РИА Новости ўз манбаларига таяниб, Афғонистон ҳукумати делегацияси “Толибон”* билан афғонлараро музокараларни бошлашга тайёргарликни якунлаганини хабар қилган эди. Делегация аъзолари Қатар пойтахти Доҳага жўнаб кетишлари керак эди, аммо уларнинг сафари қолдирилган эди.

Толибларнинг расмий вакили Забиулла Мужаҳид ҳаракат Афғонистон ҳукумати билан музокараларда иштирок этиш учун делегация шакллантиргани ва у 21 кишидан иборат эканини маълум қилган эди.

2020 йил февраль ойи охирида Қатарда АҚШ ва “Толибон”* радикал ҳаракати 18 йиллик урушдан сўнг тинфлик битимини имзолади. Битим чет эл қўшинларини 14 ой ичида Афғонистондан олиб чиқилиши ва асирлар билан алмашиш якунлангандан кейин афғонлараро мулоқот бошланишини назарда тутади.

Июль ойига келиб ушбу битим доирасида америка ҳарбийлари Афғонистондаги бешта базани тарк этди. Кейинчалик Афғонистоннинг Маслаҳат Лоя жирғаси аъзолари 400 нафар маҳбус толибларни озод қилиш тўғрисидаги қарор қабул қилди ва бу толибларнинг афғонлараро музокаларни бошлашга қўйган шарт эди.

* Россия ва қатор давлатларда тақиқланган террорчилик ташкилоти