ССВ фуқароларга малайзияликларни ўрнак қилиб кўрсатди

Вазирлик бугун кўча, бозор ва бошқа жамоат жойларида аксарият фуқароларнинг карантин, ниқоб тақиш қоидаларини қўполлик билан бузиш ҳолатлари кўпайиб бораётганидан хавотирда эканини билдирган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 10 сен — Sputnik. Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларга мурожаат билан чиқди. Вазирлик карантин қоидалари юмшатилгани одамларни хотиржамликка эмас, балки сергакликка чорлаши зарурлигини таъкидлади.

Маълум бўлишича, мамлакатда сентябрнинг илк кунида 343 нафар бемор қайд этилган бўлса, 9 cентябрда бу кўрсаткич қарийб 170 нафарга ошди. Карантин тартибларининг юмшатилиши, бир қанча фаолият турларига рухсат берилиши, шунингдек, мактабларда янги ўқув йилининг бошланиши муносабати билан аҳоли ўртасида ўзаро мулоқотнинг кўпайиши, ўз навбатида, коронавирус хавфини ҳам кучайтиради.

Ўзбекистонда "маска режими" бекор қилингани йўқ. Бироқ кўпчилик ниқобсиз кўчага чиқмоқда

Вазирлик бугун кўча, бозор ва бошқа жамоат жойларида аксарият фуқароларнинг карантин қоидаларига риоя қилмасдан, бепарволик билан, ўзаро масофа сақлаш ва ниқоб тақиш қоидаларини қўполлик билан бузиш ҳолатлари кўпайиб бораётганидан хавотирда эканини билдирган.

Таъкидланишича, карантин чоралари юмшатилгандан кейин ҳам ҳар бир фуқаро тиббий ниқобда бўлиши, мижозлар орасида 2 метрлик масофани таъминлаши лозим.  Шунингдек, объектдаги жиҳозларни мунтазам дизенфекциялаш, ҳаво айланиш тизимини зарарсизлантириш каби қатъий белгиланган санитария-гигиена талабаларига риоя этилиши лозим.

“Ҳали давоси топилмаган, кейинчалик қандай асоратлар қолдириши, юқтирилгандан сўнг яна қайталанмаслиги шубҳа остида бўлган, қаршисида бутун дунё тиббиёти ожиз турган касалликка қарши ягона самарали чора ҳисобланган санитария қоидаларига амал қилмаслик, тиббиёт ниқобларни тақмаслик учун қанчалик бепарво бўлиш керак?!”, - дея савол билан юзланган ССВ.

Дунё тажрибасида кўринмоқдаки, ҳар қандай чекловдан кўра, одамлар орасидаги карантин маданияти коронавирусни олдини олишда самаралироқ бўлиб қолмоқда.

“Мисол учун, 33 миллионга яқин аҳолиси бўлган  Малайзияда август ойида касалланиш ҳолати 355 нафарни ташкил этган бўлса, сентябрнинг дастлабки ҳафтаси давомида бор-йўғи 37 нафарни ташкил этган, холос. Бунда аҳолининг онгли равишда ҳукумат ва шифокорларнинг тавсияларини сўзсиз бажариши муҳим аҳамият касб этмоқда. Уларда карантин тугаганига қарамай жамоат жойларида ҳалиям масофа сақлаш, ниқоб тақиш, мақсадсиз кўчага чиқмаслик, катта тадбирлар ўтказмаслик одатга айланди”, - дея мисол келтиради вазирлик.

ССВ ўз мурожаатида мамлакат президентининг пандемия шароитида яшашга, меҳнат қилишга ўрганишимиз шарт деган сўзларини яна бир бор эслатиб ўтган.

COVID-19: Ўзбекистон Марказий Осиёда касалланиш бўйича иккинчи ўринга чиқди

“Ҳурматли ватандошлар! Президентимиз таъкидлаганларидек, бундан кейин пандемия шароитида яшашга, меҳнат қилишга ўрганишимиз шарт. Айни пайтда ўз саломатлингизни асрашингиз, аввало, ўзингиз, сўнгра тиббиёт ходимлари ва мамлакатимиз учун қилган энг катта хизматингиздир. Оилангиз ва фарзандларингиз ҳаётига бефарқ бўлманг, яқинларингизнинг дард чекишига сабабчи бўлиб қолманг”, - дея якунланади мурожаат.

Сўнгги маълумотларга кўра, ҳозирда дунёда касалланганлар сони 28 миллион нафардан ошган. Қурбонлари сони эса 900 мингдан зиёд кишини ташкил этмоқда.