Ростовда қолиб кетган ўзбекистонликлар учун янги вақтинчалик лагерь қуриб берилди

Ўз уйига қайтишни истаётган мигрантлар билан боғлиқ вазият Ростов вилояти губернатори Василий Голубев томонидан шахсий назоратга олинган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 8 сен — Sputnik, Алексей Стефанов. Чоршанба куни Россия ҳукумати ўзбекистонликларни Ростов-Дон станциясидаги тартибсиз равишда юзага келган лагердан Лихая станциясига кўчиришни режалаштирган. Лихая станциясида давлат тузилмалари томонидан ватанга қайтишга поезд кутаётган мигрантлар учун анчайин қулай шарт-шароитларни яратишган. Бу ҳақда Sputnik агентлигига шаҳар маъмурияти ва ўзбек диаспораси вакиллари хабар қилишди.

Ушбу ҳолат Ростов вилояти губернатори Василий Голубевнинг шахсий назоратига олинган. Мигрантлар яшаб турган лагерларга вилоят ҳукуматининг юқори мартабали ходимлари келишган.

Ростовда қолиб кетган ўзбекистонликлар учун янги вақтинчалик лагерь қуриб берилди

Ўзбекистон фуқароларининг Ростов-Дондаги Первомайск станциясида тартибсиз тўпланиши ҳолати бир неча ҳафта бурун юзага келган — мигрантлар коронавирус пандемияси даврида қишлоқ хўжалигида мавсумий ишлар тугаши билан уйларига қайтишмоқчи, аммо ёпиқ чегаралар туфайли буни амалга ошириша олмаяпти. Sputnik агентлигига Ўзбек миллий маданий маркази Қиёмхон Бобоевнинг маълум қилишича, Первомайскда мигрантлар яшаши учун шарт-шароитлар бўлмаган. Одамлар қўлбола палаткалар ўрнатиб, ҳатто переходларда яшашган. Икки кун олдин эса Ўзбекистон фуқароси бўлган бир аёл фарзандни дунёга келтирган, уни туғруқхонага олиб боришга улгуришган, ҳозирда она ва бола шифокорлар назоратида бўлиб турибди.

Ростов ва Самарадан махсус поездлар билан 2 мингга яқин фуқаролар олиб келинди

"Қўлдан келганча ёрдам бердик. Ватандошларимиз сони бир неча юзга етганида, уларни овқат билан таъминладик, вазиятни амаллаб бошқариб турдик. Аммо улар мингдан ошиб кетгач, ёрдам бера олмай қолдик - имкониятимиз чегарасиз эмас. Худога шукрки, куни кеча муаммони бартараф этиш ишларига Ростов вилояти губернатори, Ростов шаҳри мэрияси, шаҳар маъмурияти қўшилишди", - дея тушунтиради Қиёмхон Бобоев.

Ўзбекистонга олиб борадиган навбатдаги поездга 950 кишини ўтқазишга муваффақ бўлинган. Аммо ҳозирча яна 3 мингга яқин ишчилар ўша жойнинг ўзида қолмоқда. Ҳозирда диаспора вакиллари Ўзбекистон Республикаси Бош консуллиги билан биргаликда Ростов-Донда қолиб кетган Ўзбекистон фуқаролари рўйхатини тузишмоқда.

Ростов-Дон шаҳрида Ўзбекистон бош консулхонаси очилди

"Эртага (яъни бугун - таҳр) Россия темир йўллари билан келишган ҳолда Первомайск станциясига электричка келиб, барча хоҳловчиларни Лихая станциясига кўчириб ўтказади. У ерда яшаш шароити тамомила бошқача бўлади - вазият регион раҳбарининг шахсий назоратига олинган, воқеа жойига эса губернатор ўринбосари Виктор Вовк ва иқтисодий тараққиёт вазири Максим Папушенко келишди", - дейди Бобоев.

Ростов-Дон администрацияси Sputnik нашрига эртага (бугун) Первомайскдан Лихая станцияси томон электричка йўлга чиқишини тасдиқлади.

"У ерда Ўзбекистон фуқаролари учун шароитлар яратилди, палаткалар шаҳарчаси қурилди, ичимлик суви, техник сув олиб келинди. Озиқ-овқат - крупалар, макаронлар, ёғ, чой етказилади", — дея таъкидлашди идора вакиллари.

Ҳозирда шаҳар администрацияси Ўзбекистон Бош консуллигидан тўпланиб турган фуқаролар рўйхатини кутмоқда. Шу рўйхат асосида мигрантлар Ўзбекистонга олиб чиқилади.