ТОШКЕНТ, 7 сен — Sputnik. Ўзбекистон делегацияси Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирликлари кенгашининг (ШҲТ ТИВК) 9-10 сентябрь кунлари Москвада бўлиб ўтадиган йиғилишида иштирок этади. Бу ҳақда ТИВ матбуот хизмати хабар қилмоқда.
“2020 йилнинг 9-10 сентябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов бошчилигидаги делегация Москва шаҳрида бўлиб ўтадиган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг йиғилишида иштирок этади”, - дейилган хабарда.
Таъкидланишича, ташқи сиёсат идоралари раҳбарлари бўлажак ШҲТ саммитига тайёргарлик билан боғлиқ масалаларни муҳокама қиладилар ҳамда долзарб халқаро ва минтақавий муаммолар бўйича фикр алмашадилар.
Ташриф давомида Ўзбекистон делегацияси Москва шаҳрида қатор икки томонлама учрашувларни ўтказишни режалаштирмоқда.