ТОШКЕНТ, 5 сен - Sputnik. Қўшма Штатлар блогер Алексей Навальный атрофидаги воқеаларни диққат билан ўрганади, АҚШ президенти Дональд Трамп худди шундай баёнот билан чиқиш қилди, деб хабар бермоқда РИА Новости.
"Ўйлайманки, агар шу рост бўлса, биз буни жиддий кўриб чиқишимиз керак. Ўйлайманки, биз шундай қиламиз", - деб айтган у Навальный "заҳарлангани" ҳақидаги саволга жавоб берар экан.
Оқ уй раҳбари, шунингдек, ҳозирча Россия Навальный заҳарланишига алоқадор бўлиши мумкинлиги юзасидан далилларга эга эмаслигини қайд этган. Шу билан бирга, агар Россия юз берган воқеага алоқадор экани ўз тасдиғини топса, у "жуда ғазабланиши"ни қўшимча қилган.
"Россияга нисбатан ҳеч ким мендай ўта қаттиққўл бўлмаган", - деган президент Навальный атрофидаги воқеаларга АҚШ қандай жавоб қайтариши лозим, деган саволга жавоб берар экан.
Америка етакчиси немис ҳукуматининг блогерга нисбатан чиқарган хулосасига ишонишини айтган, аммо АҚШ ҳозирча бу маълумотларни ўз кўзи билан кўрмаганини таъкидлаган. Трамп Берлин яқинда шу муносабат билан Россияга қарши қабул қилишни режалаштираётган чораларга қаршилик кўрсатмаслигини ҳам қўшимча қилган.
Сал олдин Германия ҳукумати блогер гўёки "Новичок" гуруҳига мансуб жановар нерв-фалаж моддаси билан заҳарлангани ҳақида маълум қилган эди. Европа дипломатияси раҳбари Жозеп Боррель шу муносабат билан санкция киритилиши мумкинлигини истисно қилмади.
Россия президенти матбуот-котиби Дмитрий Песков россиялик экспертлар ҳам турли версияларни кўриб чиқишгани, аммо Навальный организмида заҳарловчи моддани аниқлай олишмагани ҳақида эслатиб ўтганди. Россия ТИВ АҚШ ва Европа иттифоқи томонидан шошилинч равишда дастак қилиб олинаётган ушбу теорияни шубҳали, дея атамоқда. Дипломатларнинг айтишича, заҳарланиш ҳақидаги баёнотлар олдиндан тайёрлаб қўйилган "жавоб чораларини" асослаш учун қўлланилаётган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас.
"Новичок" моддасини ишлаб чиқишда иштирок этган олим Леонид Ринк РИА Новостига Навальныйдаги касаллик аломатлари ушбу токсин билан заҳарланишда юз бериши мумкин бўлган симптомларга ўхшамаслигини айтган.
Навальныйнинг касалхонага ётқизилиши
Навальный 20 август куни самолётда ўзини ёмон ҳис қилганидан сўнг Омскдаги касалхоналарнинг бирига ётқизилган эди. Кўрик якунига кўра, омсклик шифокорлар асосий ташхис сифатида қонда қанд миқдорининг кескин пасайишига сабаб бўлган моддалар алмашинуви бузилишини кўрсатишган. Бунга нима сабаб бўлган - ҳозирча номаълум. Омсклик шифокорлар маълумотларига кўра, Навальный қонида ва пешобида заҳарлар аниқланмаган.
Сал кейин мухолифатчи самолётда Германияга олиб кетилди. Навальный касалхонага ётқизилган куннинг ўзидаёқ прокуратура ва полиция текширувларни бошлаб юборишган. Дмитрий Песков Россия ушбу ҳолатга ойдинлик киритишдан манфаатдорлигини ва шуни исташини, аммо бунинг учун Германиядан маълумотлар тақдим этилиши зарурлигини маълум қилган.