Ўзбекистон мактабларида ўқиш бошланишининг тахминий санаси айтилди

Синов тариқасида вирус тарқалмаган, ҳавфсиз ҳудудлардаги баъзи кичик мактабларни очиш, ушбу жараёнда барча чораларни тўлиқ ва тўғри амалга оширилишини ўрганиб чиқиш режалаштирилган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 авг - Sputnik. Халқ таълими вазири Шерзод Шерматов  бу йилги ўқув йилини 14 сентябрь – душанба кунидан бошлаш таклиф сифатида киритилгани ҳақида маълум қилди.

Марказий Осиёда ва бошқа давлатларда янги ўқув йили қандай бошланади?

"Хабарингиз бор, биз 3 та сценарий бўйича ишлаётган эдик: 1) анъанавий мактабни очиш, 2) онлайн мактаб орқали ўқитиш ва 3) аралаш (гибрид) сценарий – ҳам анъанавий ҳам онлайн. Телеграм орқали деярли 1 млн. фойдаланувчи қатнашган сўровномада 70% ота-она бола соғлиғидан хавотирда бўлиб, уйда ўзи онлайн ўқитиши мумкинлиги, 30% эса пандемия шароитида ҳам фарзандини мактабга юборишини билдирган.

Шунинг учун, аҳолини кўпроқ қатламини рози қилишни инобатга олиб, фақат 3-сценарий, яъни ота-оналарнинг ўзларига танлаш ҳуқуқини бериш энг оптимал вариант бўлиб турибди.

Бир томондан, интернетда баъзи давлатларда мактаблар очилиб, касаллик кўпайиши натижасида қайтадан ёпилгани, болалар ўзи кучли касалланмасада, катталарга қараганда кучлироқ вирус ташувчиси бўлиши мумкинлиги ҳақида хабарлар тарқалаяпти.

Шарифхўжаев рус тили, онлайн-дарслар ва янги ўқув йили ҳақида

Иккинчи томондан, бу вирусдан яқин орада қутилмаслигимизни, вакцина ишлаб чиқилган тақдирда ҳам уни барча ҳавфсизлик синовларидан ўтказишга ва ишлаб чиқариб бизга етиб келишига анча вақт кетиши ҳам аниқ. Шунга, ушбу вақт даврида фарзандларимиз билим олишдан орқада қолиб кетмасликлари зарур.

Карантин қоидаларининг юмшатилиши касаллик ҳолатларининг ортишига олиб келиши мумкинлиги, уларни даволашга ҳам қўшимча вақт талаб этилиши кераклиги ҳамда ўқиш бошланишидан аввал уларни даволаб, камайтириш муҳимлиги каби факторларни инобатга олиб экспертлар фикридан келиб чиқиб, бу йилги ўқув йилини 14 сентябрь – душанба кунидан бошлаш таклиф сифатида киритилди", - деб хабар қилган ўзининг расмий саҳифасида Шерматов.

Янги ўқув йилидан мактаблар қоғоз кундаликдан воз кечади

Шунингдек, бир ҳафта олдин синов тариқасида вирус тарқалмаган, ҳавфсиз ҳудудлардаги баъзи кичик мактабларни очиш, ушбу жараёнда барча чораларни тўлиқ ва тўғри амалга оширилишини ўрганиб чиқиш ҳам режалаштирилган. Мактабга ўқувчиларнинг бир вақтда келмаслиги, кираётганда иситмаси ўлчаниши, барча дарслар бир синф хонасида ўтилиши, танаффусда синф ҳавоси шамоллатилиши, ўқувчиларга ижтимоий масофани сақлашни тушунтириш каби қатор талаблар ишлаб чиқилиб, жойлардаги барча мактабларда ижросини таъминланиш чоралари кўрилиш керак бўлади.

Шу сабабли, вазир таъкидига кўра, бугун-эрта барча мактабларда ота-оналардан сўровномалар ўтказилмоқда.

"Бизга ҳар бир ота-онанинг фикри муҳим. Илтимос, ушбу сўровномада фаол қатнашинг! Пандемия шароитидан келиб чиқиб, айнан сизнинг фарзандингиз мактаб очилганда мактабга бориб ўқийдими ёки уйдан онлайн ўқийдими деган саволга фақат сиз жавоб бера оласиз! Бизга эса бу сўровномалар барча мактаблар кесимида аниқ, объектив ҳолат бўйича маълумотни йиғишга имкон беради", - деган вазир ўз мурожаати якунида.