ТОШКЕНТ, 25 авг - Sputnik. Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги янги ўқув йили олдидан ота-оналарга мурожаат қилди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири.
Вазирлик таъкидига кўра, ҳар бир ота-она ўз шароитидан келиб чиқиб, фарзандини анъанавий равишда мактабга юбориши ёки уйда қолиб онлайн шаклда ўқитиши юзасидан мустақил қарор қабул қилиши керак.
Ота-оналарнинг фикрини билиш ва ундан келиб чиқиб, таълим жараёнини ташкил этиш мақсадида, Халқ таълими вазирлиги томонидан янги 2020/2021 ўқув йилини бошлаш борасида мактабларда сўровнома ташкил этилди.
ХТВ ота-оналардан мазкур жараёнда фаол қатнашиб, ўз фикрларини билдириш ва муҳим қарорни қабул қилишда иштирок этишни сўрамоқда.
"...бутун дунёда кузатилаётган коронавирус пандемияси таълим тизими ва унинг барча иштирокчилари олдига бир қатор синовларни қўймоқда. Мана 5 ойдирки, болалар мактабларга бора олмасдан, ўз тенгдошлари билан бевосита мулоқотдан узилган. Афсуски, бугунги шароитда фарзандларимиз таълимида юзага келиши мумкин бўлган ҳар қандай бўшлиқ, эртага бизга жуда ҳам қимматга тушиши мумкинлигини унутмаслигимиз зарур.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг фикрича, коронавирус билан боғлиқ вазият икки йилгача давом этиш хавфи бор, шунинг учун мактаблар фаолиятини қайта тиклашга оид қарор ўқувчилар, педагоглар ва ота-оналарнинг соғлигини ўйлаган ҳолда қабул қилиниши лозим.
Унутманг, фарзандларимизнинг таълим ва тарбияси ҳамда жисмонан соғлом ривожланиши учун ҳар биримиз бирдай масъулмиз", - дейилган мурожаатда.