Бугундан Тошкентда жамоат транспорти тўлиқ тикланди

Йўловчиларнинг автобус салонига чиқишда ва автобус ичида тиббий ниқобда бўлишлари талаб этилади, тиббий ниқобсиз йўловчилар автобус ва микроавтобуслар салонига чиқарилмайди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 15 авг - Sputnik. 15 августдан Тошкентда жамоат транспорти, автобуслар ва микроавтобуслар ҳаракатланиши тўлиқ тикланади, деб хабар бермоқда Транспорт вазирлиги.

Ўзбекистонда коронавирус: 14 август асосий хабарлари

Хабарда айтилишича, 132 та йуналишда 1 105 та автобус йўналишларга чиқарилади. Шунингдек, "Тошшаҳартрансхизмат" АЖ тизимидаги хусусий корхоналар ва 98 та йўналишда 800 дан ортиқ йўналишли таксилар йўловчиларга хизмат кўрсатишни бошлайди.

Йўловчиларнинг автобус салонига чиқишда ва автобус ичида тиббий ниқобда бўлишлари талаб этилади, тиббий ниқобсиз йўловчилар автобус ва микроавтобуслар салонига чиқарилмайди.

Транспорт воситаси доимий равишда ҳар қатновга чиқишдан олдин тўлиқ дезинфекциядан ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, сал олдин 15 августдан бошлаб Ўзбекистонда карантин чоралари юмшатилиши эълон қилинган эди. Куни кеча ушбу муносабат билан махсус комиссия мурожаати эълон қилинди.

Тошкентда 15 августдан метро ишга тушади

Махсус комиссия унда мамлакатдаги барча фуқароларга 2020 йил 10 июлдан буён жорий этилган карантин чекловларига қатъий ва интизомли равишда риоя этганлари учун ўз миннатдорчилигини билдирган.

"Бу коронавирус инфекциясининг тарқалиши билан боғлиқ ҳолатни барқарорлаштириш имконини яратди", - дея таъкидланган баёнотда.

Карантин қоидаларини юмшатиш уни бекор қилишни англатмайди. Касалланишлар сони кўпайишининг олдини олиш мақсадида, Комиссия фуқаролар томонидан шахсий ҳимоя чораларига қатъий риоя қилишни давом эттиришларини сўрайди.

Шу жумладан: жамоат жойларида ниқоб тақиб юриш; ижтимоий масофани сақлаш; қўлларни мунтазам ювиш ва антисептик гигиена воситаларидан доимий фойдаланиш.

Ушбу қоидаларга амал қилинмай, касаллик қайта авж олса қаттиқ карантин чоралари такроран кучга киритилиши мумкин.