ТОШКЕНТ, 14 авг — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикадаги эпидемиологик вазият тўғрисида асосий хабарларни тўплади.
Бир сутка давомида 498 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 33 821 нафарни ташкил қилмоқда.
Янги касалланиш ҳолатларининг 127 нафари Тошкент вилоятида, 105 нафари Тошкент шаҳрида, 12 нафари Хоразм вилоятида, 8 нафари Андижон вилоятида, 3 нафардан Қашқадарё ва Фарғона вилоятларида ҳамда 2 нафари Қорақалпоғистон Республикасида тана ҳарорати кўтарилганлиги учун профилактика мақсадида ҳамда коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган.
Даволаниш кўрсаткичи
Бугуннинг ўзида 612 нафар бемор тузалиб, ўз уйларига кузатилди. Республика бўйлаб жами соғайганлар сони 27 825 нафарга етди.
Айни пайтда 5 776 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда.
Ўлим ҳолатлари
Кун давомида коронавирусга чалинган 4 нафар бемор – Шайхонтоҳур туманида яшаган 71 ёшли М.О. (эркак) ҳамда Яккасарой туманида яшаган 51 ёшли У.П. (эркак), Олмазор туманида яшаган 72 ёшли А.Я. (эркак) ҳамда Яккасарой туманида яшаган 36 ёшли Ф.Р. (эркак) вафот этди.
Ўзбекистонда жами 220 киши пандемия қурбони бўлди.
Контракт тўлови бўйича енгилликлар
Талабаларга контракт тўлови бўйича енгилликлар берилди.
Пандемия шароитида аҳолининг тўлов қобилияти пасайиши ҳисобга олиниб, фарзанди тўлов-шартнома асосида ўқийдиган оилаларга қатор енгилликлар берилди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги пандемия даврида контракт нархлари борасида келиб тушган мурожаатларни инобатга олиб, Молия вазирлиги билан бирга таклифлар ишлаб чиқди. 2020/21 ўқув йилида амалдаги базавий тўлов-контракт миқдори учун кундузги шаклда ўқийдиган барча талабаларга 10 фоиз чегирма берилади. Бу ҳақда батафсил.
Метро ишга тушади
15 августдан бошлаб, Тошкент метрополитени фаолияти қайта йўлга қўйилади. Тошкент метрополитенининг “Ўзбекистон”, “Чилонзор” ва “Юнусобод” линиялари доимий иш режимида фаолият юритишни бошлайди.
Авиа ва темир йўл қатнови
Ўзбекистонда 15 августдан маҳаллий авиақатновлар ва темир йўл қатновлари бошланади.
Маҳаллий авиақатновлар ва темир йўл қатновини ташкил этишда доимий равишда ҳар бир авиақатнов ва темир йўл қатновидан олдин тегишли ҳаво кемаси ва темир йўл вагонлари (шу жумладан, ҳар бир ўриндиқни) тўлиқ дезинфекциядан ўтказиш ҳамда ҳавосини зарарсизлантириш тизимини жорий этиш чоралари кўрилади.
Дунё саломатлиги
Дунё бўйлаб инфекцияни юқтириб олган кишиларнинг сони 20,9 миллиондан ошди, 760 минг киши вафот этди, 13 миллион киши тузалди. Энг кўп ҳолатлар АҚШда (5,2 млн), Бразилияда (3,2 млн), Ҳиндистонда (2,5 млн).