Ҳалокатли обгон: Жиззахдаги аварияда икки аёл вафот этди, норасидалар касалхонада

Ҳайдовчи Ховос туманидан Даштобод йўналишига қараб ҳаракатланиб кетаётган вақтида олдинда кетаётган автомашинани қувиб ўтиш учун қарама-қарши йўналишга чиққан ва юк машинасининг олди томонига бориб урилган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 11 авг - Sputnik. Куни кеча Жиззах вилоятининг Зомин туманида даҳшатли авария содир бўлди, жароҳатланганлар орасида икки норасида бор.

Жаслиқда ЙТҲ: икки юк машинаси ёниб кул, бир ҳайдовчи эса қурбон бўлди

Ўзбекистон ИИВ ахборотига кўра, йўл-транспорт ҳодисаси Зомин тумани ҳудудидан ўтувчи А-376 автомобиль йўлининг 239-километрида содир бўлган.

Маълумотларга кўра, 42 ёшли ҳайдовчи Р.А бошқарувида бўлган "Lada Largus" Ховос туманидан Даштобод йўналишига қараб ҳаракатланиб кетаётган вақтида олдинда кетаётган автомашинани қувиб ўтиш учун қарама-қарши йўналишга чиққан. Ва шу йўналишда ҳаракатланиб келаётган 42 ёшли Р.Х. бошқарувидаги "Isuzu" юк машинасининг олди томонига бориб урилган.

Натижада, "Lada Largus" йўловчилари 31 ёшли Х.Б. (аёл) ва 55 ёшли Б.Б. (аёл)лар ҳодиса жойида вафот этганлар. Автомашина ҳайдовчиси йўловчилари 30 ёшли Б.Б. ва унинг 6 ёшли ҳамда 4 ёшли фарзандлари турли тан жароҳатлари билан туман тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.

Мазкур ҳолат юзасидан Зомин тумани ИИО ФМБ ҳузуридаги Тергов бўлими томонидан Жиноят кодексининг 266-моддаси 3-қисми (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.