ТОШКЕНТ, 11 авг — Sputnik. Бир гуруҳ россиялик мутахассислар коронавирусга қарши курашишда ёрдам бериш учун Ўзбекистонга жўнаб кетишга тайёр. Бу ҳақда Россия соғлиқни сақлаш вазири Михаил Мурашко маълум қилди.
“Биз халқаро фаолиятимизни ҳам давом эттирмоқдамиз. Шуни таъкидлаб ўтмоқчиманки, мутахассисларимиз Қозоғистон Республикасидан ўз вазифаларини бажариб қайтдилар. Ўзбекистонга жўнатиладиган мутахассислар гуруҳи тайёрланмоқда”, - деди Мурашко.
Аввалроқ Россия ССВ раҳбари ҳозирда Россиянинг COVID-19 га қарши вакцинасини таркибида Ўзбекистон ҳам бўлган Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти давлатларига етказиб беришга доир музокаралар олиб борилаётганини маълум қилган эди.
Сўнгги маълумотларга кўра, Ўзбекистонда коронавирус билан касалланганлар 31 545 нафарни ташкил этмоқда. Шулардан 22 992 нафари соғайиб кетган. 202 киши вирус қурбонига айланган.