"Ишламаган тишлайди": маҳалла раиси ва АБКМ вакили 36,2 млн сўмни ўзлаштирди

Чилонзордаги маҳалла раисларидан бири аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази инспектори билан тил бириктириб, 26 нафар фуқаролар жамоат ишларига жалб этилганлиги ҳақида сохта ҳужжатлар тузган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 7 авг - Sputnik. Тошкент шаҳри Чилонзор туманида амалдорлар ишсизларга тўланиши лозим бўлган 36,2 млн сўм бюджет маблағларини талон-торож қилди, деб хабар бермоқда Sputnik Ўзбекистон мухбири Бош прокуратурадан олинган маълумот асосида.

Исмоилов: бугунги кунда коррупцияни яшириш деярли имконсиз бўлиб қолди

Хабарга кўра, Чилонзордаги маҳалла раисларидан бири туман Аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази инспектори билан тил бириктириб, марказга иш сўраб келмаган ва ишсизлар рўйхатига киритилмаган 26 нафар фуқаролар жамоат ишларига жалб этилганлиги ҳақида сохта ҳужжатлар тузган.

Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Чилонзор туман бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда ушбу схема орқали жами 36,2 млн сўм бюджет маблағлари талон-торож қилингани аниқланган.

Мазкур ҳолат юзасидан маҳалла раиси Н.Р. ва марказ инспектори А.Р.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 167-моддаси 2-қисми "в,г" бандлари ва 209-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

Бош прокуратура маълумотига кўра, жорий йилнинг 6 ойи давомида 327 та жиноят иши бўйича 459 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган. Улар томонидан етказилган зарар миқдори 172 миллиард 260 миллион сўмни ташкил қилган.

Мирзиёев коррупцияга қарши курашиш чораларини белгилаб берди

2020 йилда жиноий жавобгарликка тортилган амалдорларнинг 4 нафари республика даражасидаги, 13 нафари вилоят даражасидаги, 442 нафари туман даражасидаги раҳбарлардир.

Жавобгарликка тортилган мансабдор шахсларнинг 180 нафари "ўзганинг мулкини ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-тарож қилган, 57 нафари пора берган (пора олган), пора олиш-беришда воситачилик қилган, 92 нафари фирибгарлик қилган, 16 нафари мансаб ваколатини суиистеъмол қилган, 8 нафари ҳокимият ёки мансаб ваколатидан четга чиққан, 7 нафари мансаб сохтакорлигига йўл қўйган, 10 нафари мансабга совуққонлик билан қараган ва 89 нафари бошқа жиноятларни содир этган.