Сюрприз устига сюрприз
Шу кунларда АҚШ Давлат департаменти қошидаги Глобал ҳамкорлик маркази "Россия пропагандаси ва дезинформация экотизими асослари" ҳақида ҳисоботни эълон қилди. Асар муаллифлари ўз олдига Россия тактик ҳаракатларини фош қилишни мақсад қилиб олган, "токи бизнинг шерикларимиз, иттифоқдош ҳукуматлар, фуқаролик жамияти ташкилотлари, олимлар, матбуот ва бутун дунё бўйлаб жамоатчилик қўшимча таҳлилларни ўтказиб, дезинформация ва пропагандага коллектив жавобни кучайтиришсин", дея тушунтиради улар.
Бир қарашда, ҳаммаси пухта амалга оширилгандек - 75 саҳифалик матн, 313 та ҳаволалар, графика ва жадваллар. Мен бу тадқиқотни эринмасдан ғижжалаб ўқиб чиқдим.
У чиндан ҳам прогрессив эди. Мисол учун, ҳисоботда, Россия ҳукумати ОАВни ўз позициясини тарғиб қилишда фойдаланишга уриниши ҳақида ҳикоя қилинган (!) – шубҳасиз, бу Кремлнинг доҳиёна кашфиёти ва бошқа давлатлар ҳам шундай йўл тутишни ўрганишлари лозим.
Яна бир "кашфиёт" га кўра, Россия давлат оммавий ахборот воситалари (масалан, ўша "Звезда") томонидан эълон қилинган маълумотлар бошқа бир қатор нашрлар томонидан кўчирилади ва шундан сўнг интернет тармоғида ёйилиб кетади. Афтидан, муаллифлар Интернет тармоғининг ўзига хос хусусиятлари ва ахборот узатишнинг ҳозирги муҳитини (бунда ахборотни таҳлил қилиш ёки текшириш керак эмас, балки янгиликларни тезкор жойлаштириш ва просмотрлар (кўрилганлик миқдори) йиғиш керак) ўзлари учун энди кашф қила бошлаганлар .
Ҳисоботда келтирилган Россиянинг асосий ОАВлари ва уларнинг эгалари борасида берилган таърифлар ҳам ҳар қандай таҳлилчи учун бебаҳо аҳамиятга эга - нега десангиз, бундан келиб чиқяптики, давлатпараст каналлар, нашрлар ва Интернет сайтларини давлатпараст мафкурани ёқлайдиган одамлар бошқаради. Ана, холос!
Бундан ташқари, "рус тарғиботи экотизими"даги инглиз тилидаги унсурларда Ғарб ташқи сиёсий стратегияси нуқсонлари юзасидан Россия нуқтаи-назарини ёқлайдиган чет эллик муаллифлар ҳам ўз мақолалари билан чиқиб туришларини билиб, ҳайрон бўлдим. Ахир бу ғаройиб-ку!
Ва ниҳоят, тадқиқотчилар учун докладдаги марказий ғоя муҳим аҳамият касб этади: Москванинг дунёдаги муаммоларга нисбатан ҳар қандай қараши ва ушбу позициянинг ҳар қандай чоп этилиши сўз эркинлиги эмас, балки художўй Ғарб аҳолисининг онгини хиралаштирадиган рус пропагандаси ва ёлғонининг ашаддий намунаси ҳисобланади.
Албатта, айнан шу фикрнинг ўзиёқ ҳисоботнинг илмий қийматини туширади, деб айтиш мумкин эди - аммо ҳисобот ҳатто шу қийматга ҳам шунчаки эга эмас.
Моҳиятан олиб қараганда бу 75 саҳифанинг ҳаммаси - онг оқими ва оддий нарсаларнинг санаб ўтилишидан бошқа нарсамас. Уни чоп этишдан мақсад ҳам устки қопламни фош қилиш эмас, балки давлат котиби Майк Помпеонинг Глобал ҳамкорлик маркази молиялаштирилишини икки карра ошириш бўйича илтимосини моддий жиҳатдан мустаҳкамлаш эди. Бунда эса Россия ва бошқа давлатлар томонидан бўлаётган дезинформацияга қарши курашдан яхшироқ баҳона йўқ.
Бахт пулда
Шу боис, Россия сиёсатчилари ва экспертларининг ушбу ҳисоботга масхара ва жирканишнамо муносабатига ажабланмаса ҳам бўлади. Ҳисоботда келтирилган далиллар жиддий қабул қилинмади, аксинча, навбатдаги русофобик писанина, дея изоҳланди. Шу билан бирга, доклад муаллифлари уни нашр этиш учун етарли асосларга эга эканлиги ҳам қайд этилди.
Масалан, россиялик депутат Сергей Железняк шундай дейди: "Давлат департаментидаги русофобларнинг доклад кўринишидаги Россияга қарши алаҳсирашининг янги порцияси америкалик сиёсатчилар мамлакат ичи ва бутун дунёда содир бўлаётган воқеаларга муқобил қарашлардан қанчалик ваҳимага тушишларини яққол намоён этади". Ғарбдаги энг йирик ОАВлар билан таққослаганда RT ва Sputnikнинг пули камроқ - аммо улар ўша альтернатив (муқобил) позицияга эга.
Кимгадир ҳанузга қадар Ғарбда сўз эркинлиги бордек кўриниши мумкин, аммо бу ундаймас. (Аввало мафкуравий характердаги) қатор масалаларга кўра, америка ОАВлари совет газеталарини эслатади - улар ягона, сиёсий жиҳатдан тўғри нуқтаи-назарни трансляция қилади.
Ва айниқса - АҚШда қора танлилар ва сўллар томонидан уюштириладиган тартибсизликлар, америка тарихий мероси йўқ қилинишининг тўғрилиги, айбсизлик презумпциясига нисбатан беписандлик (қатор таниқли шахсларнинг харрасментда (бошқа ёки ўз жинси вакилларига нисбатан хиралик қилишда) айбланиб, таъқибга олинишларини эслайлик), шунингдек, Россияни шафқатсизларча қоралаш акс этган бундай нуқтаи-назар Ғарб ўқувчиларининг меъдасига тега бошлади. Улар альтернатив нуқтаи назарни излашмоқда - ва бундай қарашларни Россиянинг инглиз тилидаги ОАВларида топмоқдалар.
Ва бу АҚШ учун аллақачон жиддий муаммодир, чунки жаҳон ахборот соҳаси устидан назорат ўрнатиш Америка ҳукмронлигининг асосидир.
Шунинг учун, Россия Ташқи ишлар вазирлигида таъкидланганидек, "Вашингтон ўз нуқтаи назарига бўлган муқобил позицияларни тарқатадиган ҳар қандай маълумот манбаларини танқид қилади, американча ёндошув ва кўрсатмаларга зид бўлган ҳар қандай овозни ўчиришга ҳаракат қилади". Танқид ёрдам бермаса, санкциялар киритади (хитойнинг TikTokи каби), уларни рейдерлик технологиялари орқали қўлга олишга уринади.
Бундай таъқиблар аслида АҚШнинг геосиёсий имкониятларини заифлаштиради. Масалан, Россиядан Хитойни жиловлаб туришда, шунингдек, бошқа глобал муаммоларни ҳал қилишда фойдаланишда. Тобора кўпроқ америка экспертлари Вашингтонни Москва билан мулоқотга прагматикроқ ёндашишга чақирмоқда.
Бунга 103 нафар америкалик кўзга кўринган экспертлар, шу жумладан собиқ дипломатлар ва сиёсатчиларнинг Politiko нашрида чоп этилган очиқ мактубини мисол келтириш мумкин.
"Аммо океан ортидаги оппонентларнинг Глобал ҳамкорлик марказининг ҳисоботи сингари ҳужжати билан фақат бир мақсадга эришиш мумкин - глобал муаммолар бўйича Россия-Америка мулоқотига тамомила раҳна солиш ва мамлакатларимиз ўртасидаги ишончсизлик инқирозини бартараф этиш имкониятини узоқ йилларга истисно қилиш", - дейди Железняк.