ТОШКЕНТ, 5 авг — Sputnik. Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Байрут бандаргоҳида юз берган кучли портлаш оқибатида кўплаб инсонлар қурбон бўлгани ва жароҳатлангани муносабати билан Ливан президенти Мишель Аунга ҳамдардлик билдирди.
“Давлатимиз раҳбари Ливан халқига, марҳумларнинг оила аъзолари ва яқинларига чуқур таъзия билдирди”, - дейилган президент матбуот хизмати хабарида.
Ливан пойтахти Байрут шаҳридаги даҳшатли портлаш кеча юз берди. Тахминларга кўра, бадаргоҳдаги 2014 йилда кемадан мусодара қилинган 2750 тонна аммиак селитраси портлаб кетган. Портлашдан шаҳарнинг тенг ярми жабр кўрган. Касалхоналар жароҳатланганлар билан тўлиб тошган.
Ливан ҳукумати фожиа қурбонлари хотирасига уч кунлик мотам эълон қилди. Сўнгги маълумотларга кўра, 100 ортиқ киши қурбон бўлган, тўрт мингга яқин киши жабрланган. Кўплар бедарак йўқолган.