ТОШКЕНТ, 5 авг — Sputnik. Ливан пойтахти Бейрут шаҳрида юз берган портлаш 3-5 миллиард доллар миқдорида зарар етказди, деб баёнот қилди шаҳар мэри Жамол Итани.
"Етказилган зарар миқдори 3-5 миллиард доллар атрофида баҳоланмоқда, балки ундан ҳам кўпдир. Бейрутнинг юзлаб аҳолиси бошпанасиз қолди", - деган Итани. Мэр сўзларидан Ливаннинг LBCI Nеws портали иқтибос келтирган.
Бейрут мэри портда юз берган портлашни мисли кўрилмаган, дея атаган ва уни Хиросима ёхуд Нагасакидаги ядровий зарбаларга қиёслаган.
Ҳукумат тақдим этган маълумотларга кўра, портлаш оқибатида камида юз киши ҳалок бўлган, жабрланганлар сони эса 4 мингдан зиёд.
Бейрут раҳбари ҳалок бўлганлар орасида портлаш юз берган жойда - портда ишлаган ўнлаб тиббиёт ходимлари ва ўнлаб қутқарувчилар борлигини таъкидлаб ўтган.
Ливан соғлиқни сақлаш вазири Хамад Хасан Бейрут ва унга яқин жойлардаги касалхоналар портлашдан сўнг жароҳатланганларга тўлиб кетгани, тиббиёт анжомлари танқислиги муаммоси юзага келганлигини тан олган.
Бейрутдаги портлаш
Ливан пойтахти Бейрут шаҳри портидаги даҳшатли портлаш Ливан вақти билан тахминан 18.00да юз берган.
Зарба тўлқини шу даражада кучли бўлганки, бир қанча биноларни йўқ қилиб юборган, иншоотларни барбод этган, бир қанча километр наридаги биноларнинг ойналарини чилпарчин қилган. Портлашдан олдинги шовқинли овоз Кипрда ҳам - эпимарказдан 250 километр масофа нарида эшитилган, тутун эса юзлаб километрларни ўраб олган.
Ҳукумат тақдим этган маълумотларга кўра, портдаги портлаш Бейрутнинг барча туманларини қамраб олган, шаҳарнинг тенг ярми жабр кўрган.
Тахминларга кўра, портда 2014 йилда кемадан мусодара қилинган 2750 тонна аммиак селитраси портлаб кетган. Детонация сварка ишлари вақтида юз бергани айтилмоқда.
Ливан ҳукумати фожиа қурбонлари хотирасига уч кунлик мотам эълон қилди.