Фарғонада ИИБ ходимлари ўқитувчини калтаклаб, камситгани айтилган хабар текширилмоқда

Ижтимоий тармоқларда “Фарғоналик ўқитувчи: ИИБ ходимлари мени калтаклаб, бир оёқда тик туришга мажбурлашди” сарлавҳали хабар тарқалди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 2 авг — Sputnik. Интернет ижтимоий тармоқларида тарқалган “Фарғоналик ўқитувчи: ИИБ ходимлари мени калтаклаб, бир оёқда тик туришга мажбурлашди” сарлавҳали хабар юзасидан вилоят ИИБ муносабат билдирди.

Хабарда ёзилишича, мазкур хабар ўрганилганда ҳақиқатдан ҳам жорий йилнинг 26 июль куни Фурқат туманидаги 34-сон ихтисослашган умумтаълим мактабида компьютер ўғирланиши билан боғлиқ ҳолат содир этилган.

ИИВ Андижонда қийноққа солингани сабаб ўлгани айтилган фуқаро иши юзасидан баёнот берди

Туман ИИБ хузуридаги тергов бўлинмаси Жиноят кодексининг тегишли моддаси билан жиноят иши очган ва дастлабки тергов ҳаракатлари давом эттирилмоқда.

“Хабарда келтирилганидек, ИИО ходимлари жисмоний тарбия ўқитувчиси Ш.Ж.ни қийноққа солганлик билан боғлиқ ҳолати юзасидан Фурқат туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Мазкур ҳолат вилоят прокуратураси томонидан назоратга олинган”, - дейилган хабарда.

Шунингдек, вилоят ИИБ томонидан ходимларнинг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви ўтказилмоқда.

Текширувлар якунига кўра, қўшимча хабар берилади, дея қўшимча қилинган баёнотда.