Ўзбекистон ДХХ Қирғизистондан наркотик ташиган уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек қўйди

Уюшган жиноятчилар дори воситаларини асосан Қирғизистондан контрабанда йўли билан Ўзбекистонга олиб кириш билан шуғулланган
Sputnik

ТОШКЕНТ, 31 июл - Sputnik. Давлат хавфсизлик хизмати ходимларининг ички ишлар идоралари билан ҳамкорликда олиб борган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида Тошкент шаҳри, Фарғона, Наманган ва Самарканд вилоятларида яшовчи 18 нафар шахсдан иборат уюшган жиноий гуруҳ фаолиятига чек кўйилди.

Андижонда "Ветеран" бирлашмаси раиси чегарадан наркотик олиб ўтаётганда қўлга тушди

Гиёҳвандлик воситалари ва кучли таъсир қилувчи моддалар рўйхатларига киритилган дори воситалари савдоси билан шуғулланувчи мазкур гуруҳ аъзоларидан "кора бозор" нархида умумий қиймати 3,2 млрд. сўмдан зиёд бўлган 28 560 дона "Трамадол" таблеткаси, 7 минг дона "Тропикамид" флакони, 35 700 дона "Лирика", 3 920 дона "Регапен" ва 5 600 дона "Перге" капсулалари мусодара қилинган.

Шунингдек, 4 300 АҚШ доллари процессуал тарзда расмийлаштириб олинди.

Жиноят қуроли сифатида 1 та "Малибу", 3 та "Ласетти" ва 1 та "Нексия" автомашиналари олиб қўйилган.

Гуруҳ аъзолари 1977-1994 йиллар оралиғида туғилган фуқаролар бўлиб, улардан 2 нафари аёл ҳамда 5 нафари муқаддам судланган шахслардир.

Ушбу дори воситалари асосан Қирғизистон Республикасидан контрабанда йўли билан олиб кирилган.

Ҳозирда Жиноят Кодексининг тегишли моддаларига асосан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмокда.