ТОШКЕНТ, 29 июл — Sputnik. Москва вилояти Серпухов шаҳрида истиқомат қилувчи эри рашк туфайли қўлларини чопиб ташлаган Маргарита Грачева, сентябрда турмушга чиқмоқда. Аёл бу ҳақда ўзининг инстаграмида ёзиб қолдирган.
"Ҳозирда фаол тайёргарлик кетмоқда, умид қиламанки, вирус бизга ҳалал бермайди", - деб ёзган у.
Интернет фойдаланувчиларининг аксарияти Маргаритани кутилаётган тантанали маросим билан қутлашга шошилганлар. Аммо россиялик бу аёлни ўзини "пиар қилишда" айблаганлар ҳам топилган.
Грачева "360"га берган изоҳида, бу сингари иддаолар унга сира таъсир қилмаслигини айтган.
"Хейтерлар ҳамма нарсага муносабат билдирадилар. Ҳар битта ҳаракатни муҳокама қиладилар. Мен бу ҳолатга ҳотиржам қарайман, бўлиб ўтган воқеалар туфайли маълум маънода машҳур бўлиб кетдим. Шунчаки, бундайларга умуман жавоб бермайман", - деган аёл.
Маргарита журналистларга тўй тафсилотларини ошкор қилмаган. Унинг сўзларига кўра, агар келажакда жамоатчилик билан шахсий ҳаёти икир-чикирлари ҳақида ўртақлашиш истаги пайдо бўлса, балки шундай қилар ҳам.
2017 йилнинг охирида Грачёванинг турмуш ўртоғи аёлни бир неча маротаба ўрмонга олиб борган ва ўлдириш билан таҳдид қилган. Рашк ўтида ёнган эркак Маргаританинг қўллари панжаларини чопиб ташлаган, у ойболта билан камида ўнта зарба берган.
Суд эркакни 14 йиллик қатъий тартибдаги колонияга маҳкум этди ҳамда икки миллион рубл миқдорида компенсация тўлаш мажбуриятини юклади. Грачёва суднинг бу қарорига эътироз билдирган. Шифокорлар аёлнинг битта қўлини сақлаб қолишга муваффақ бўлганлар, иккинчисига эса протез ўрнатилган.
Маргаританинг тан олишича, у мушукни силаяптими ёки ёстиқни, ажрата олишга қодир эмас.
Аммо уй ишларини мустақил бажара олади. Шундай бўлсада, майда моторика билан боғлиқ муаммолар бартараф бўлмаган, мисол учун, Маргарита заколка қадай олмайди, тугмани ечолмайди.
"Шунингдек, ёзолмайман", — деган у. Протез ёрдамида аёл фақатгина имзо чека олади.