ТОШКЕНТ, 27 июл - Sputnik. Давлат Статистика қўмитаси 2020 йилнинг январ – июн ойларида Ўзбекистонда аҳолининг реал даромади қандай ўзгаргани ҳақида расмий маълмотларни тарқатди.
Қўмита хабарига кўра, Ўзбекистонда ушбу йилнинг биринчи ярмида аҳоли даромади ўсиш суръати ўртача 15,8 %га ошган, лекин бу кўрсатгич инфляцияни ва истеъмол нархлари ўсишини ҳисобга олмайди. Инфляция кўрсатгичларидан бири бўлган – Истеъмол нархлари индексини (ИНИ) қўллаган ҳолда ҳисоблаганда аҳоли даромади ўсиши миқдори атиги - 101,5 %ни ташкил этган.
Жон бошига ҳисоблаганда январ-июн ойларида аҳоли ўртача умумий 5,2 млн сўм даромад олган. Бу эса ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 13,5 %га кўп, лекин инфляцияни ҳисобга олганда жон бошига реал даромади ўтган йилнинг шу даврига нисбатан - 99,6 %ни ташкил қилган. Яъни 0,4 %га камайган.
Даромадлар энг кўп ўзгариши қарда бўлган ?
Энг катта ўртача умумий даромад Тошкент шаҳрида – 10,5 млн., Навоий вилоятида – 8,3 млн., Бухорода – 6,4 млн., Тошкент вилоятида 5,5 млн. сўм.
Энг кам даромадлар эса – Қорақалпоғистон Республикаси – 3,8 млн., Наманган вилояти – 3,9 млн., Фарғона – 4 млн., Қашқадарё – 4,3 млн., Самарқанд – 4,4 млн. вилоятларида қайд этилган.
Пандемия вақтида аҳолининг реал даромадлари сезиларли ўсиши Ўзбекистон бўйича фақат Навоий вилоятида (+5,2 %) ва Жиззах вилоятида (+4,1%) кузатилди.
Фарғона, Сирдарё, Сурхондарё, Хоразм, Бухоро, Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд, Наманган ва Тошкент вилоятларида – жон бошига олинган умумий даромад миқдори деярли ўзгармаган: кўрсатгичлар 99 – 101 % атрофида.
Тошкент шаҳри (-4,8 %) ва Андижонда (-1,5 %) аҳоли жон бошига реал даромади пасайиши кузатилган.
Давлат Статистика қўмитаси хабарига кўра, Ўзбекистон аҳолисининг деярли 70 % меҳнат фаолиятидан ва мустақил бандликдан олинган даромадлар ҳисобига яшайди. 25 % аҳоли – трансфертлар (турли пул ўтказмалари) ҳисобига яшайди.
Трансфертлар (пенсия, нафақа ва стипендиялар) ҳисобидан яшайдиган аҳоли энг кўп ҳудудлар Қорақалпоғистон (32,7 %), Самарқанд (32,2%), Хоразм (30,4 %), Андижон (29,3%), Наманган (28,3 %), Сурхондарё (28 %) ва Фарғона (27,8 %) вилоятларида экани қайд этилган.
Шунингдек ўзидан ишлаб чиқарилган маҳсулотлар ва мол мулкидан олинган даромадлар ҳисобига яшовчи аҳоли миқдори энг кўпи Тошкент шаҳрида қайд этилган – 16,3 %.
Қаерда хорижий пул ўтказлари миқдори кўп?
Республика ташқарисидан келиб тушган даромадлар миқдори ўтган давр мобайнида 9,2 %га ўсиши кузатилган. Аҳоли умумий даромади таркибида хорижий пул ўтказмалари улуши энг кўп бўлган ҳудудлар қуйидагилар экани аниқланди:
- Самарқанд вилояти – 20,3 %
- Хоразм вилояти – 20,1 %
- Андижон вилояти – 18,5 %
- Қорақалпоғистон – 17,3 %
- Сурхондарё вилояти – 17,1 %
- Наманган вилояти – 15,8 %
- Қашқадарё вилояти – 14,8 %
- Фарғона вилояти – 14,5 %
- Бухоро вилояти – 13,9 %
Қолган вилоятларда аҳоли даромади таркибида хорижий пул ўтказмалари 10 %дан кам миқдорни ташкил қилмоқда. Хусусан хорижий ўтказмалар энг кам бўлган ҳудуд бу Навоий вилояти – 4,2 %, Тошкент вилояти – 5,2 %, Жиззах – 6,9 % ва Тошкент шаҳри – 9,4 %.