Ўзбекистонда коронавирус: 27 июль асосий хабарлари

Бир сутка давомида 421 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 20 952 нафарни ташкил қилмоқда.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 27 июл — Sputnik. Sputnik Ўзбекистон республикадаги эпидемиологик вазият тўғрисида асосий хабарларни тўплади.

“Ўзэкспомарказ”даги беморлар қариндошлари учун монитор ўрнатилди

Бир сутка давомида 421 кишида коронавирус аниқланди, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 20 952  нафарни ташкил қилмоқда.

Янги касалланиш ҳолатлари: 84 нафари Тошкент шаҳрида, 48 нафари Тошкент вилоятида  бемор билан мулоқот орқали юқтириб олишган.

Даволаниш кўрсаткичи

Бугуннинг ўзида 140 нафар бемор тузалиб, ўз уйларига кузатилди. Республика бўйлаб жами соғайганлар сони 11 245 нафарга етди.

Айни пайтда 9 588 нафар беморга белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда. 

Ўлим ҳолатлари

Кун давомида 3 нафар бемор вафот этди: Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида яшаган 65 ёшли эркак, Яшнобод туманида яшаган 64 ёшли, Яшнобод туманида яшаган 53 ёшли эркак вафот этди.

Уларга “COVID-19” инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган.

Ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморларнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги ҳамда ўпка шишидан вафот этган.

Ўзбекистонда жами 119 киши пандемия қурбони бўлди.

Талабалар учун чартер

Бугун, транспорт вазирлиги республика махсус комиссияси топшириғига асосан август ойининг биринчи ўн кунлигида ўзбекистонлик талабалар Россиянинг олтита шаҳридан махсус чартер рейслари билан қайтиб келишини маълум қилди. Хусусан, Москва, Санкт-Петербург, Новосибирск, Томск, Қозон ва Ростов-Дондан рейслар ташкил этилади. Шунингдек, Киев ва Қоҳирадан ҳам махсус рейслар режалаштирилган.

Мониторлар ўрнатилди

“Ўзэкспомарказ”да жойлашган Тақсимлаш марказидаги коронавирус беморларининг яқинлари ва қариндошлари учун монитор ўрнатилди. Энди беморларнинг яқинлари рўй бераётган вазиятдан монитор орқали хабардор бўлишлари мумкин.

Меҳнат миграциясидан қайтганларнинг 50 фоизи иш билан таъминланди – вазирлик

Янги ИВЛ аппаратлари

Швейцария компаниялари Осиё ривожлантириш банкини маблағи ҳисобидан Ўзбекистонга 19,5 миллион долларлик ўпкани сунъий вентиляция қилиш аппаратларини (ИВЛ) етказиб беради.

Биринчи 100 дона аппарат Тошкентга иккита шартнома асосида етказиб берилди. Яна 700 дона қурилма яқин ҳафталарда республикага олиб келинди.

Дунё саломатлиги

Сўнгги маълумотларга кўра, инфекцияни юқтириб олган кишиларнинг сони 16,3 миллиондан ошди, 649 минг киши вафот этди. Энг кўп ҳолатлар АҚШда (4,2 млн), Бразилияда (2,4 млн), Ҳиндистонда (1,4 млн).