ТОШКЕНТ, 26 июл - Sputnik, Данара Курманова. Ҳамдўстлик мамлакатлари саноат экспертлари “МДҲ мамлакатлари шакар бозори-2020” конференциясида таркибида шакар бўлган маҳсулотларни истеъмолига коронавируснинг таъсирини муҳокама қилишди. Тадбир 22 июль куни онлайн режимида бўлиб ўтди. Sputnik шакар ишлаб чиқариши нефтга боғлиқлигини ва 2021 йилда МДҲ қандолат фабрикалари олдида қандай қийинчиликлар турганини ўрганди.
Шакар билан нефть
Жорий йил деярли барча ишлаб чиқариш тармоқлари учун қийин бўлди, шакар бозори ҳам бундан мустасно эмас. Маълум бўлишича, шакар саноати нефт саноати билан чамбарчас боғлиқ, чунки шакар қамиш нафақат озиқ-овқат саноатида қўлланилади. Бундан ташқари, у суюқ ёқилғининг турларидан бири - биоэтанол ишлаб чиқаришида қўлланилади.
Бироқ, коронавирус пандемияси туфайли нефть нархларининг қулаши, давлатлар ўртасидаги авиаташувларнинг ёпилиши ва жамоат транспортидаги узилишлар ёқилғи ишлаб чиқаришнинг пасайишига олиб келди. Шунга мувофиқ, жаҳон шакар бозорида қамиш саноат ҳажмларида сотиб олишнинг пасайиши кузатилмоқда.
Бироқ, транспорт воситаларининг ҳаракатланишидаги чекловлар МДҲда ишлаб чиқариладиган лавлаги шакарининг сотилишига ҳам таъсир кўрсатди. 2020 йил баҳорида Ҳамдўстлик мамлакатларига шакар маҳсулотларини етказиб беришда кечикишлар вужудга келди.
Шакар заводлари ҳам муаммоларга дуч келишди. Евроосиё шакар уюшмаси ижрочи директори Андрей Бодиннинг сўзларига кўра, шакар саноатидаги мавсум августдан июлгача давом этади. Шу сабабли, ёзда МДҲнинг шакар заводларига одатда хорижий мутахассислар ташриф буюришади - улар ускуналарни созлашни амалга оширадилар. Бу йил чегаралар ёпилганлиги сабабли уларнинг ташрифини ташкил қилиш имкони бўлмади.
Пандемия таъсири: камроқ қаҳва, кўпроқ печеньелар
Коронавирус шакарнинг индивидуал истеъмолини ўзгартирди. Халқаро шакар ташкилотининг иқтисодчиси Кирилл Матреничев шундай хулосага келди. Агар пандемиягача одамлар таркибида шакар бор маҳсулотларни асосан жамоат жойларида сотиб олишган бўлса, қаҳвахоналар ва ресторанларнинг ёпилишидан кейин қаҳва ва ширинликка талаб кескин пасайди.
“Биз улгуржи савдо тармоғида шакар савдоси даражаси пасайишини кузатмоқдамиз. Шу сабабли ишлаб чиқариш мавсуми бошланишига шакарнинг захиралари энг юқори тарихий даражада”, - деб қўшимча қилди Андрей Бодин.
Унинг сўзларига кўра, ўтган мавсумга нисбатан МДҲ мамлакатларида шакар захираси 18 фоизга ошди. Шу билан бирга, Кирилл Матреничев таъкидлашича, таркибида шакар бор маҳсулотларнинг барча сегментлари салбий динамикани кўрсатмоқда. Ўз-ўзини яккалаш режими печенье савдосининг кўпайишига олиб келди.
“Одамлар шунчаки зерикканидан еб, кўпроқ пишириқ сотиб олишмоқда, - деб ҳисоблайди у. - Карантин ширинликларнинг айрим турларини истеъмоли кўпайишига сабаб бўлди”.
Нархлар аввалгидай қолмоқда
Ҳамдўстликнинг кўплаб мамлакатларида маҳаллий ҳукуматларнинг чоралари коронавирус инқирозининг оқибатларини енгишда ёрдам бермоқда, деб ҳисоблайди Андрей Бодин.
“МДҲ мамлакатлари ички бозорни миллий даражада тартибга солишга ҳаракат қилмоқдалар. Масалан, Ўзбекистон ҳукумати январ ойида оқ шакар импортига акциз солиғини жорий қилди, аммо уни пандемия даврида иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар доирасида жорий йилнинг апрелидан 31 декабригача бекор қилди”, - деди у.
Шу билан бирга, Беларусь ва Қирғизистон ички бозорда шакарнинг минимал сотиш нархларни белгилаб қўйдилар. Тожикистон давлат захирасига 50 минг тонна шакар сотиб олиш учун ҚҚС ставкасини нолгага тушириб қўйди. Қозоғистон эса 2020 йил 1 октябргача ижтимоий аҳамиятга эга озиқ-овқат маҳсулотлари (шу жумладан шакар) учун ҚҚСни 12% дан 8% гача туширилишини эълон қилди.
Ўз навбатида Россия шакар нархларини ушлаб туришга ҳаракат қилмоқда, деди Бодин.
“2019/2020 йил мавсумида Россия нархлари дунё бўйича энг паст даражада бўлди, бу эса МДҲ мамлакатларидаги нархлар динамикасини белгилади. Шунингдек, шу йилнинг апрел ойида Россия ҳукумати шакарни ЕОИИ ташқарисига экспорт қилиш бўйича шартномалар тузишга рухсат берди”, - дея тушунтирди у.
Инқироз даврида экспортнинг ўсиши
Натижада, 2019/2020 йилги мавсумда МДҲда лавлаги шакар ишлаб чиқариш 1,4 миллион тоннага кўпайди. Ҳамдўстлик мамлакатлари орасида Россия, Қозоғистон ва Беларусь етакчилик қилмоқда. Андрей Бодиннинг таъкидлашича, РФ режалаштирилган ҳажмларни ошириб, 7,7 миллион тонна шакар ишлаб чиқарди. Давлат кўмаги туфайли Қозоғистон ҳам ўз ишлаб чиқариш кўрсаткичларини 50 минг тоннагача етказди. Беларусьда эса ишлаб чиқаришнинг умумий ҳажми 600 минг тоннадан ошди.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, ортиқча шакар туфайли янги мавсумда унинг ишлаб чиқарилиши камайиши мумкин. Аммо МДҲдан ташқарига экспорт кўпаяди. Молдова 5 минг тонна шакарни чет элга экспорт қилди, Озарбайжон 2018 йилдан бошлаб экспорт ҳажмини 10 мингдан дан 15 минг тоннагача оширди. Беларусьда экспорт ҳажми 20 минг тонна шакарни ташкил этди.
“Ҳатто 20 йил олдин ҳам МДҲ мамлакатлари импортга қарам бўлган”, - деди Андрей Бодин. “Аммо инвестициялар, илм-фан, ерни ўзлаштириш туфайли бир қатор давлатлар истиқболлари вужудга келмоқда. Ҳатто Арманистон, Озарбайжон ва Ўзбекистон ҳам шакарни ўзлари ишлаб чиқармайдилар-да, хом шакарни қайта ишлаб, импортни пасайтиришмоқда”.
Бодиннинг сўзларига кўра, Ўзбекистон шакар бозорининг жиддий иштирокчисига айланмоқда. 2020 йил бошига келиб, республика йилига 650 минг тонна шакарга тенг ички истеъмолини тўлиқ таъминлади.
Прогнозлар ижобий
Янги мавсумда шакар саноати экспертлари ишлаб чиқариш ҳажмининг 23 фоизгача пасайишини башорат қилишмоқда, бунда Озарбайжон, Беларусь, Қозоғистон, Қирғизистон, Молдова, Россия ва Туркманистонда энг катта пасайиш кутилмоқда. Бундан ташқари, конференция иштирокчилари Россиядаги тўртта шакар заводи ёпилишини тахмин қилишмоқда. Шунингдек, Ўзбекистонда иккита ва Молдова ва Қирғизистонда биттадан завод вақтинча тўҳтатиб турилади.
Аммо корхоналар фаолияти вақтинча тўҳтатилиши ҳалокатли муаммо эмас, дейди Андрей Бодин.
“Барчаси талабга боғлиқ, - дейди у. - Шакар истеъмоли эндиликда нормал даражага қайтмоқда, замонавий ускуналар эса заводларни вақтинча ёпиб туришга имкон беради. Айрим давлатлар тажрибаси шуни кўрсатадики, фабрикалар икки йил муддатга ҳам ёпилган ва ундан кейин улар яна нормал ишлай бошлаганлар”.
Қандолат маҳсулотлари экспортининг ўсиш суръатлари ҳам пасаяди, дейди “Объединенные кондитеры” холдинги директорлар кенгаши раиси Сергей Носенко.
“Бироқ, Россия жаҳон қандолатчилик бозорининг 2,9 фоизини эгаллаган ва дунёда саккизинчи ўринда”, - дея тушунтиради у.
ЕОИИ аъзолари ўртасидаги умумий савдо ҳажми ҳам яхши кўрсаткичларни намойиш этмоқда – у 2019/2020 мавсумида (июлдан августгача) 329,7 минг тонна қандолат маҳсулотлари ташкил этди. Улардан 230 минг тоннани Россия, 44 минг тоннани Беларусь экспорт қилган. Қозоғистон экспорт ҳажми бўйича учинчи ўринни эгаллади (40 минг тонна қандолат маҳсулотлари). Рўйхат охирида икки минг тоннадан кўпроқ экспорт қилган Қирғизистон ва 1,7 минг тонна ширинлик экспорт қилган Арманистон.