ТОШКЕНТ, 25 июл - Sputnik. Қорақалпоғистон Республикаси Қонликўл тумани ҳокими Даулет Толибаев коронавирус қурбони бўлди.
Даулет Толибаев 1983 йил 18 октябрда Нукус шаҳрида туғилган. Ўзбекистон Миллий университетида таҳсил олган. Меҳнат фаолиятини 2004 йилда бошлаган Толибаев узоқ йиллар ирригация соҳасида турли ташкилотларда, жумладан Қорақалпоғистон Республикаси Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари лавозимида фаолият олиб борган.
Даулет Толибаев 2019 йилдан буён Қонликўл тумани ҳокими эди.
Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар беришича, Толибаев иситма, умумий ҳолсизлик ва қуруқ йўтал пайдо бўлгач, жорий йил 10 июль куни республика юқумли касалликлар шифохонасига ётқизилган.
Унга "COVID-19" инфекциясининг ўта оғир кечиши, икки томонлама пневмония, ўткир респиратор дистресс синдром ташхиси қўйилган. Хасталик ўткир нафас етишмовчилиги, мия шиши асоратлари билан кечган.
Шунингдек, беморда семизликнинг 3-даражаси, юрак ишемик касаллиги каби ҳамроҳ касалликлар ҳам бўлган.
Шифохонада беморнинг даволаниши давомида шифокорлар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар қилинган, даволаш жараёни мутахассислар тавсияси асосида олиб борилган.
Бироқ шифокорлар томонидан стандартлар асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги, мия шишидан вафот этган.