ТОШКЕНТ, 25 июл — Sputnik. Қирғизистонда 30 июль коронавирусдан вафот этганлар хотирасига миллий мотам куни сифатида эълон қилинади. Бу ҳақда мамлакат президенти Сооронбай Жээнбеков маълум қилган. Sputnik Қирғизистон хабари асосида.
Давлат раҳбари айрим мамлакатларда касаллик туфайли вафот этган юртдошлар хотирасига Миллий мотам куни эълон қилинганлигини эслатиб ўтган.
"Ҳа, мен бу ҳақда ўйлаган эдим. Муддатидан олдин гапиришни истамагандим, аммо шу ҳақда гап борар экан, маълумот беришни зарурат деб билдим. 31 июл куни биз Қурбон ҳайитини нишонлаймиз, 30 июл куни эса бутун мамлакатда миллий мотам куни эълон қилинади. Тегишли қарор чиқарилади", — деди Жээнбеков.
Давлат раҳбари яқинларини йўқотган юртдошларга сабр тилаган.
Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, пандемия даврида мамлакатда 1 249 киши коронавирус инфекцияси қурбонига айланган.
Эслатиб ўтамиз, Марказий Осиё минтақасида бунга қадар 13 июлда Қозоғистонда миллий мотам куни эълон қилинган эди.
Бугунга қадар олинган маълумотларга кўра, коронавирус инфекциясини юқтирганлар Қозоғистонда 80 226 нафарни, Қирғизистонда 31 247 нафарни, Тожикистонда - 7 104 нафарни, Ўзбекистонда 19 653 нафарни ташкил этмоқда.