ТОШКЕНТ, 24 июл - Sputnik. Сурхондарё вилоятида ўқишга киритиш эвазига 5 минг АҚШ доллари талаб қилган Университет ассистенти ушланди, деб хабар бермоқда Бош прокуратура матбуот-хизмати.
Хабарда айтилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сурхондарё вилоят бошқармаси томонидан ўтказилган тезкор тадбирда, И.Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг Термиз филиали ўқув бўлими ходими А.О.фуқаро С.Р.ни юқори лавозимларда ишловчи танишлари орқали ўқишга киритиб қўйиш эвазига 5 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Тадбир жараёнида А.О. қилган ишидан пушаймонлик билдириб, жиноятни фош этишда фаол ёрдам кўрсатиши ҳақидаги мурожаатига асосан тезкор тадбир давом эттирилганда, И.Каримов номидаги Тошкент давлат техника университетининг Термиз филиали ўқув бўлими ассистенти Ж.Д. фуқаро С.Р.ни ўқишга киритиб қўйиш эвазига 5 минг АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Университет ходими А.О. ва ассистенти Ж.Д.ларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси 2-қисми “б” банди ва211-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.