Ўзбекистон ва Жаҳон банки ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилди

Жаҳон банки вице-президенти Ўзбекистонда қамбағалликни қисқартириш бўйича янги стратегияни ишлаб чиқиш, шунингдек, ҳукуматнинг инсон капитали ва фуқароларнинг касбий кўникмаларини ривожлантиришга инвестиция қилишни давом эттириш режалари ҳақида маълумот берди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 23 июл - Sputnik. Ўзбекистон Бош вазир ўринбосари-Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазири Жамшид Қўчқоров ва Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё минтақаси бўйича вице-президенти Анна Бёрде ЖБ ва мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш масалаларини муҳокама қилдилар.

Жаҳон банки Ўзбекистонга COVID-19га қарши курашиш учун 95 млн $ ажратади

Видео-конференция орқали ўтган учрашувда Молия вазири Тимур Ишметов, Инвестициялар ва ташқи савдо вазирининг ўринбосари Шуҳрат Вафаев, Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича минтақавий директори Лилия Бурунчук, Жаҳон банкининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Марко Мантованелли ҳамда Ўзбекистон ҳукумати ва Жаҳон банкининг бошқа вакиллари иштирок этди.

"Жаноб Қўчқоров ва бошқа расмийлар билан самарали мулоқот бўлиб ўтди. Биз одамларнинг ҳаётини сақлаб қолиш ва коронавирус пандемиясининг ижтимоий-иқтисодий таъсирини юмшатиш учун ҳукуматнинг инқирозга қарши чора-тадбирларини муҳокама қилдик. Ўзбекистонда қамбағалликни қисқартириш бўйича янги стратегияни ишлаб чиқиш, шунингдек, ҳукуматнинг инсон капитали ва фуқароларнинг касбий кўникмаларини ривожлантиришга инвестиция қилишни давом эттириш режалари ҳақида маълумот беришдан мамнунман", - деди Анна Бёрде учрашувдан сўнг.

Жаҳон банки Ўзбекистонга 200 миллион доллар ажратди

"Пандемия натижасида юзага келган қийинчиликларга қарамай, Давлат ҳукумати қишлоқ хўжалигидаги, давлат корхоналарини бошқариш, банк сектори ва бошқа устувор соҳалардаги таркибий ислоҳотларни давом эттиришга бўлган қатъиятини таъкидлаб ўтмоқчиман. Бундан олдин амалга оширилган иқтисодий ислоҳотлар бугун Ўзбекистонга инқирозни бартараф этишга ёрдам беряпти. Жаҳон банки Ўзбекистонда кенг иқтисодий ва ижтимоий ўзгаришларни амалга оширишда молиявий-техник ёрдам кўрсатишни давом эттиради!",- деб қўшимча қилди Бёрде.

Бир муддат олдин Жаҳон банки Ўзбекистонга қишлоқ хўжалигини модернизация қилиш учун 500 миллион доллар ажратиши ҳақида хабар берган эдик.