ИИВнинг яна бир ходими коронавирус оқибатида вафот этди

Беморга "COVID-19" инфекциясининг оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган. Беморда касаллик ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги асорати билан кечган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 22 июл - Sputnik. ИИВ хабарига кўра, Йўл ҳаракати хавфсизлиги бош бошқармаси Ахборот хизмати катта мутахассиси, 51 ёшли подполковник Зайир Сайдалиев коронавирус  инфекцияси оқибатида вафот этди. Шу билан ИИВ тизимида тўртинчи инсон ушбу касаллик қурбонига айланди

Коронавирусга чалинган яна бир ички ишлар ходими вафот этди

ССВ куни кеча "Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшаган 51 ёшли З.С. 17 июль куни ИИВ Марказий госпиталининг реанимация бўлимига ётқизилган ва 18 июль куни унда "COVID-19" тасдиқланган. Беморга "COVID-19" инфекциясининг оғир кечиши, икки томонлама пневмония ташхиси қўйилган", - дейилади хабарда.

Беморда касаллик ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилиги асорати билан кечган.

Шунингдек, унда юрак ишемик касаллиги, қандли диабетнинг ўта оғир кечиши, иккала болдир артериялари окклюзияси, чап сон ёнбош артерияси стенози, сурункали панкреатит каби ҳамроҳ хасталиклар бўлган.

Ўзбекистон ва Хитой биргаликда коронавирусга қарши вакцина синовини ўтказиши мумкин

Беморга мутахассислар томонидан онлайн консультация ва консилиумлар ўтказилган, даволаш жараёни белгиланган стандартлар асосида олиб борилган.

Асосий касаллик асоратлари ҳисобига беморнинг аҳволи кескин оғирлашиб, мутахассислар томонидан тўлиқ ҳажмда, стандарт асосида ўтказилган реанимацион муолажаларга қарамасдан у ўткир нафас ва юрак қон-томир етишмовчилигидан вафот этган.

Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтирганлар сони 21 июль ҳолатига кўра 17881 нафарни ташкил қилмоқда. 8 265 нафар бемордан 101 нафари оғир, 32 нафари эса ўта оғир аҳволда. 95 киши "COVID-19" қурбонига айланган.