ТОШКЕНТ, 21 июл — Sputnik. Ўзбекистонлик мутахассислар хитойлик ҳамкорлари билан биргаликда коронавирусга вакцинанинг учинчи – сўнгги босқичини ўтказишлари мумкин. Бу ҳақда “Дунё” АА хабар қилмоқда.
Бу ҳақда Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчиси Бахтиёр Саидов ва “Sinopharm Group” бошқаруви раиси Лю Цзинчжэнь ўртасида бўлиб ўтган учрашув чоғида маълум қилинди. Учрашувда коронавирус пандемиясига қарши биргаликда курашиш масалалари муҳокама қилинди.
Хусусан, Хитой томони China National Biotec Group (CNBG бўлинмаларидан бири – “Sinopharm Group”) томонидан ишлаб чиқилган инактивлаштирилган ва рекомбинант вакцина клиник синовларининг икки босқичи муваффақиятли ўтганини билдирган.
“Яқинда Хитой аҳолиси ўртасида клиник синовларнинг охирги, яъни учинчи босқичи бошланган. Корпорация раҳбари Ўзбекистон ҳудудида ҳам ана шундай синовни ўтказишни таклиф қилди”, - дейилган хабарда.
Таъкидланишича, бир пайтнинг ўзида вакцина синовлари Бирлашган Араб Амирликларида ҳам ўтказилади. Унда 15 минг нафар одам иштирок этади.
Мазкур вакцина инсон танасига юборилганидан кейин инактивлаштирилган таъсир қилиш муддати 2 йил ва ундан кўпроқ муддатни ташкил қилади. Бугунги кунда Хитой ҳудудида 50 мингдан кўпроқ одам ушбу вакцинани қабул қилгани маълум.