Россия ва Ўзбекистон ҳамкорликда лоукостер ташкил этиш режаларини муҳокама қилди

Икки мамлакат ўртасида парвозлар сонини ошириш ҳамда йўловчи ва юклар ташиш учун Россия-Ўзбекистон лоукост авиаташувчисини ташкил этиш имконияти муҳокама қилинди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 июл — Sputnik. Россия ва Ўзбекистон йўловчи ва юклар ташиш учун қўшма лоукостер ташкил этиш имкониятини муҳокама қилди, Бу ҳақда Россия транспорт вазирлиги матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Онлайн тарзида Россия ва Ўзбекистон ўртасида иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиянинг транспорт соҳасидаги ҳамкорлик комиссияси иккинчи йиғилиши бўлиб ўтди.

Ўзбекистонда 1 июлдан авиачипталар учун тўланган суммалар янги қоида асосида қайтарилади

Йиғилишда Россия томони вакилларига мамлакат транспорт вазирининг биринчи ўринбосари, Росавиация раҳбари Александр Нерадько, Ўзбекистон томонига Ўзбекистон транспорт вазири Элёр Ғаниев раҳбарлик қилди.

Қайд этилишича, томонлар ҳаво транспорти соҳасидаги ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратган ҳолда икки томонлама ҳамкорликнинг долзарб масалаларини кўриб чиққан.

Бундан ташқари, икки мамлакат ўртасида парвозлар сонини ошириш ҳамда йўловчи ва юклар ташиш учун Россия-Ўзбекистон лоукост авиаташувчисини ташкил этиш имконияти муҳокама қилинди”, - дейилган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ UzAirways ва UzAirports қўшма баёнот билан чиқиб, 2020 йил мамлакат авиация соҳасида туб бурилиш йили бўлишини маълум қилган эди.