Мирзиёев ССВ раҳбари ва Тошкент шаҳар ҳокимига ҳайфсан эълон қилди

Вирус юқтирганлар сони Тошкентда 4 мингдан ошган, Тошкент вилоятида 1,5 мингга яқинлашган. Бу бутун мамлакат бўйича касалларнинг 40 %и деганидир. Тошкент шаҳрида коронавирусдан ўлим сони ҳам кескин кўпайиб, 45 тага етган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 16 июл - Sputnik. Президент Шавкат Мирзиёев 15 июль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида коронавирус тарқалишининг олдини олиш ва даволаш бўйича Тошкент шаҳридаги ишларни талаб даражасида ташкил этмагани, эпидемиологик вазиятнинг салбий ўзгаришларига тайёр бўлишни таъминламагани, бу касаллик билан "пастга тушиб" мукаммал шуғулланмагани учун Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга ҳайфсан эълон қилди.

Ўзбекистонда коронавирус: 15 июль асосий хабарлари

Эслатиб ўтамиз, вирус юқтирганлар сони пойтахтда 4 минг 92 тани ва Тошкент вилоятида 1 минг 498 тани ташкил этмоқда. Бу бутун мамлакат бўйича касалларнинг 40 фоизи деганидир. Тошкент шаҳрида коронавирусдан ўлим сони ҳам кескин кўпайиб, 45 тага етган.

Мирзиёевнинг таъкидлашича, биринчи раҳбарлар тушунишни хоҳламаяпти, улар ўзларининг ҳудудларидаги тиббиёт муассасаларига бирон марта кирмасдан, улар билан учрашмасдан реал вазиятни ўрганмаган ва кўрмаган.

"Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятида ҳокимлар ва секторлар раҳбарлари ишониб топширилган ҳудудлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганмаган. Тиббиёт муассасаларидаги реал вазиятни билмайди. Аҳолини вирусдан огоҳлантириш ва сақлаш, касалларни ўз вақтида ва тўғри даволаш учун масъулиятни ҳис қилмаган", - деди президент.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан ҳам, кейинги бир ойда коронавирусни даволаш стратегияси ва тактикаси кескин бузилган, реал ҳолатдан келиб чиқиб, даволаш амалиёти ўзгартирилмаган.

Ўзбекистонда карантин: бўм-бўш кўчалар ва ёпилган вокзаллар

Тошкент шаҳрида касалликни аниқлайдиган тестлар ва зарур тиббиёт воситалари етишмаяпти. Дорихоналарда вирус ва иситмага қарши препаратлар нархи асоссиз, бир неча баробар ошириб юборилган, бу эса аҳоли орасида кўплаб эътирозларга сабаб бўлмоқда.

Айни пайтда Тошкент шаҳри шифохоналарида 418 та, Тошкент вилоятида эса 816 та штат бирликлари бўш тургани вазирлик ва ҳокимият томонидан жорий вазият ўз ҳолига ташлаб қўйилганидан далолат беради.

Йиғилишда таъкидланганидек, аҳоли коронавирус ва бошқа касалликлар бўйича қаерга бориб мурожаат қилишни ва даволанишни билмай, сарсон бўлмоқда. Шошилинч тиббий ёрдамга қўнғироқ қилиб тушиш қийинлашиб кетган.

COVID'ни бошдан кечирган ёшлар қолдиқ аломатларни ошкор қилишди

Президент бундай ачинарли ҳолатлар аҳолининг ҳақли шикоят ва эътирозларига сабаб бўлаётганини таъкидлади.

Республика махсус комиссиясига бу икки ҳудудда коронавирус тарқалишига қарши кураш ва аҳолини даволаш ишларига алоқадор барча вазирлик ва идоралар, йирик тиббиёт муассасалари раҳбарларидан иборат 24 соат ишлайдиган штаблар ташкил қилиш кўрсатмаси берилди. Ушбу штаблар вазиятни реал вақт режимида назорат қилиб, юзага келаётган муаммоларни тезкор ҳал этиш чораларини кўради.

Шунингдек, Тошкент шаҳри ва пойтахт вилоятидаги поликлиникалар ҳузуридаги мобил гуруҳлар сонини уч баробар кўпайтириш вазифаси юклатилди.

Зангиота туманида яқинда иш бошлаган шифохонадаги жой сонини яна 1000 ўринга кўпайтириш топшириғи берилди.

Пандемия Ўзбекистон бизнесига қандай таъсир қилди - БМТ изланиши

Пойтахтда дори-дармон етказилиши ва нархи барқарорлигини таъминлаш, шошилинч тиббий ёрдам хизмати ва колл-центрлар ишини самарали ташкил этиш, COVID-19 билан ишлаётган тиббиёт ходимларини моддий рағбатлантириш, касаллар учун қўшимча ўринлар ташкил этиш, шунингдек, карантин ҳудудларидаги шахсларни уй карантинига босқичма-босқич ўтказиш масалалари кўриб чиқилди, зарур чоралар белгиланди.

Аҳолидан мурожаатлар сони кескин ортиб бораётганини ҳисобга олиб, колл-центрлар алоқа воситалари ва операторлари сонини камида икки баробарга ошириш лозимлиги таъкидланди.

Тошкент шаҳар ҳокимлигига камида 3 ойлик дори-дармон ва ҳимоя воситалари захирасини шакллантириш вазифаси қўйилди.

Ҳозирги синовли вазиятда кундалик эҳтиёж моллари ва зарурий озиқ-овқат маҳсулотларининг етарли бўлиши, нархлари асоссиз ошиб кетмаслиги жуда муҳим. Шундан келиб чиқиб, мутасаддиларга бу масалани қатъий назорат қилиш бўйича кўрсатмалар берилди.

Ўзбекистон фуқаролари Россиядан поездларда қайтарилиши чоралари кўрилмоқда

Пандемияга қарши курашиш, карантин қоидаларига амал қилиш, ижтимоий масофани сақлашнинг аҳамиятини аҳоли ўртасида кенг тарғиб қилиш, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда бу борада қилинаётган кундалик ишларни холис ва тезкор ёритиш муҳимлиги таъкидланди.

Коронавирус касаллигини даволаш билан боғлиқ барча жараёнларга, жумладан, Тошкент шаҳридаги ишларга масъуллар бириктирилди.  

"Яна бир бор таъкидлайман. Айни пайтда бутун дунё, шу жумладан, биз ҳам кўринмас душман билан чин маънода уруш олиб боряпмиз. Бу вируснинг барча хавф ва хатарини тўғри баҳолаб, ҳар томонлама тайёргарлик кўриб курашсак, уни албатта енгамиз", – дея ишонч билдирди Мирзиёев.