Сурхондарёда қизини 10 млн сўмга сотмоқчи бўлган она ушланди

Аввалига 28 ёшли она янги туғилган қизини суд орқали Ю.Т.га беришга рози бўлган. Лекин судда фикридан қайтган.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 13 июл - Sputnik. Сурхондарё вилоятида ёш она янги туғилган қизини 10 миллион сўмга сотишга уринди, деб хабар беради ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти.

“28 ёшли Ф.Н. аввалига янги туғилган қизини суд орқали 35 ёшли Ю.Т.га беришга рози бўлган ва бунинг учун бола туғиш пайтида дори-дармон ва бошқа харажатларга сарфлаган 1,7 миллион сўмини олган. Аммо кейин у ўз фикрини ўзгартириб, Ю.Т.га қизини бериб юборишдан бош тортганлигини маълум қилган”, - дейилади хабарда.

Тўрткўл туманида 13 ёшли ўғлини сотишга уринган она қўлга тушди

Ушбу воқеадан кейин аёл яна Ю.Т. билан телефон орқали боғланиб, унинг уйига бир неча бор ташриф буюрган ва чақалоқ учун 10 миллион сўм талаб қилган. Бундан кейин Ю.Т. ички ишлар бўлимига ариза билан мурожаат қилган.

Натижада Ф.Н. қиз чақалоғи учун  Ю.Т.дан талаб қилган 10 млн сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 135-моддаси 3-қисми “а” банди (одам савдоси) билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирги кунда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.