ТОШКЕНТ, 25 май — Sputnik. Қорақалпоғистонда одам савдоси жиноятининг олди олинди.
ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабарига кўра, 19 май куни 43 ёшли М.П. Беруний тумани ИИБ га ариза билан мурожаат қилиб, унда Тўрткўл туманида яшовчи “Қундуз” исмли аёл ноқонуний равишда ўз фарзандини сотмоқчи бўлиб юрганлигини баён қилган.
Ушбу аризасига асосан шу куни соат 21:00 да ўтказилган тезкор тадбир давомида Тўрткўл туманида жойлашган уйда ижарада яшаб келаётган 38 ёшли Қундуз К. ўзининг иккинчи фарзанди, вояга етмаган 13 ёшли Д.О.ни фуқаро С.Э.,га 15 минг доллар эвазига сотаётган вақтида ушланган.
Ҳодиса содир бўлган жойдан кимёвий ишлов берилган 400 доллар ҳамда қолган 14 600 доллар миқдоридаги пуллар аниқланиб, ашёвий далил тариқасида ўрнатилган тартибда олинган.
Ҳолат юзасидан жиноятчига нисбатан Ўзбекистон ЖКнинг 135-моддаси 3-қисми “а” банди (Одам савдоси) банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.