ТОШКЕНТ, 9 июл — Sputnik. Ўзбекистонда сиртқи таълим 100 фоиз масофавий таълим шаклига ўтказилади. Бу ҳақда олий ва ўрта махсус таълим вазири Иномжон Мажидов карантин даврида қабул жараёнини ташкил этиш масалаларига бағишланган брифингда маълум қилди.
“Сиртқи таълим 100 фоиз масофавий таълим шаклига ўтади. Кечки таълим шакли бўйича ишларни режалаштирганмиз, қандай вазият бўлишидан қатъи назар 50 фоиз масофавийга ўтади. Кундузги таълим борасида қандай йўл тутилиши карантин шароитидан келиб чиқиб белгиланади”, — деди вазир.
Мажидовнинг аниқлик киритишича, ҳужжат топшириш, рўйхатдан ўтиш муддатлари ўзгармайди. Белгиланган муддатларгача давом этади.