ТОШКЕНТ, 9 июл — Sputnik. Ижтимоий тармоқларда Ўзбекистонда имтиҳонсиз олий таълим муассасасига грант асосида ўқишга киришга таклиф қилинган ёлғон хабарлар тарқатилмоқда.
Унда Тошкент шаҳридаги “МЭИ” университетига қабул бошлангани ҳамда талабгорлар давлат гранти асосида ўқишга қабул қилиниши ҳақида маълумот берилган.
Ушбу ҳолат юзасидан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги баёнот берди.
“Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги расман шуни маълум қиладики, Ўзбекистондаги барча олий таълим муассасаларига қабул белгиланган тартиб бўйича, кириш имтиҳонлари асосида амалга оширилади.
Бугунги кунда Ўзбекистонда жами 121 та, шундан 91 та маҳаллий, 22 та хорижий ва 8 та нодавлат олий таълим муассасаси қонуний фаолият юритади. Мазкур олий таълим муассасаларининг қабул жараёнларига оид расмий хабарлар вазирлик томонидан кенг жамоатчиликка ҳавола қилинади.
Абитуриентлар ва уларнинг ота-оналаридан ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган ҳар қандай хабарларга ишониб қолмасликни, ахборотларни расмий манбалар орқали текшириб кўришни тавсия қиламиз”, - дейилган хабарда.