ТОШКЕНТ, 7 июл — Sputnik. Туркия ҳарбийлари Анқара яқинидаги Мюртед авиабазасида С-400 зенит ракета мажмуаларини американинг F-16 ва F-4 қирувчиларига қарши янгитдан синовдан ўтказишга киришдилар. Бу ҳақда Fighter Jets World хабар бермоқда.
Портал маълумотларига кўра, тест жараёни 4 июль куни бошланган ва 26 ноябрга қадар давом этади.
Хабарда айтилишича, Туркия АҚШнинг "модомики синовлар ўтказилиши бошланса, санкциялар киритилиши эҳтимоли" ҳақидаги огоҳлантиришларини эътиборсиз қолдирган.
Fighter Jets World провинция раҳбарияти хабаридан иқтибослар келтирган, уларда айтилишича, қирувчилар катта ва кичик баландликларда учади.
Ўтган йилнинг кузида турк ҳарбийлари Анқара устида турли баландликларда учган америка қирувчиларига қарши турк пойтахти устидаги осмонни назорат қилиб турган С-400ни синовдан ўтказган эдилар.
Россия С-400 ЗРК хариди Анқара ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларда инқирозни юзага келтирди. Тизимларни етказиб бериш ишлари ўтган ёз мавсумида бошланган, аммо америка ҳукумати турк шериклардан битимдан воз кечиш ва Patriot мажмуаларини харид қилишни талаб қилган эди. АҚШ, агар Туркия бу талабни рад этадиган бўлса, Анқарага F-35 қирувчиларини сотишни кечиктириш ва ҳатто бекор қилиш ҳамда санкция киритишини маълум қилган эди. Туркия бу пўписалардан сўнг ҳам ён босишдан бош тортди.
Россия Туркияга жами суммаси 2,5 миллиард долларга тенг тўртта С-400 дивизионини етказиб бериш бўйича биринчи келишувни бажарди. Кейинчалик томонлар иккинчи партия бўйича битимга эришдилар.