Шимолий Корея АҚШ билан музокаралардан бош тортди

КХДР ТИВнинг АҚШ ишлари бўйича вакили Пхеньян Вашингтон билан музокаралар олиб бормоқчи эмаслигини маълум қилди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 7 июл - Sputnik. Пхеньян Вашингтон билан музокаралар олиб бормоқчи эмас. Бу ҳақда КХДР ТИВнинг АҚШ ишлари бўйича вакили Квон Чжон Гин маълум қилди, дея ёзади Шимолий Корея марказий телеграф агентлиги.

Нашр маълумотига кўра, Шимолий Корея ТИВ аввалроқ КХДР-АҚШ саммити ҳақидаги “бевақт” миш-мишларга нисбатан ўз позициясини аниқ баён қилган. Ташқи сиёсий идора баёнотида АҚШ КҲДРга нисбатан “қасддан қатъий ғаразли сиёсатни” қўллаётгани, ҳеч қандай янги шартларни таклиф қилишга тайёр эмаслиги ва ушбу мавзуни ички сиёсий инқирозни ҳал қилиш учун ишлатаётгани, шунинг учун Шимолий Корея юқори даражадаги музокараларда эҳтиёж сезмаётгани ва эҳтимолий саммит ҳақидаги хабарлардан ҳайратда эканлиги айтилган.

Жанубий Корея КХДРга уруш бошлаган тақдирда интиқом билан таҳдид қилди

“Биз АҚШ билан юзма-юз учрашиш ниятимиз йўқлигини яна бир бор очиқчасига таъкидлаймиз”, - дейилган баёнотда.

Аввалроқ, корейслараро муносабатлар кескинлашганидан сўнг, турли мамлакатларнинг ОАВлари ва экспертлари, шунингдек, баъзи расмийлар Шимолий Корея ва АҚШ ўртасида саммит ўтказиш зарурлигини ва ҳатто мумкинлигини ҳам таъкидлашган. Саммитни АҚШ президентлик сайловларигача ўтказиш умидини Жанубий Корея етакчиси Мун Чже Ин билдирди. Шунингдек, 7-9 июль кунлари АҚШнинг КХДР бўйича махсус вакили Стивен Биган Жанубий Кореяга ташриф буюриши кутилмоқда.

АҚШ ва КХДРнинг тарихда биринчи саммити 2018 йил 12 июнь куни Сингапурда бўлиб ўтди. Шундан сўнг АҚШ президенти Дональд Трамп ва Шимолий Корея раҳбари Ким Чен Ин ўртасида яна иккита учрашув бўлиб, улардан бири Пханмунжомдаги қуролсизлантирилган ҳудудда бўлиб ўтди.