ТОШКЕНТ, 30 июн — Sputnik. Сурхондарё вилоятида икки киши даҳшатли йўл-транспорт ҳодисаси қурбони бўлди. Бу ҳақда ИИВ ҳузуридаги Тергов департаменти хабар қилмоқда.
ЙТҲ 29 июнь куни соат 23:30 да Қизириқ туманидаги 4Р 100 автомобиль йўлининг 81 километрида содир бўлган. “Малибу” ҳайдовчиси 31 ёшли З.Т. Бандихон-Қизириқ тумани йўналишида ҳаракатланиб, қарама-қарши йўналишдаги 56 ёшли Ў.Х.нинг бошқарувидаги “ВАЗ 2101”нинг йўлига чиқиб кетган. Натижада олд ўнг томони билан унинг олд чап томони билан тўқнашган.
ЙТҲ оқибатида “ВАЗ 2101” русумли автомашинада ёнғин чиққан.
“Ҳайдовчи Ў.Х. ва олд ўриндиғида йўловчи сифатида кетаётган 50 ёшли А.Ж.лар ёнғин натижасида автомашина салонида қолиб кетиб, ҳодиса жойида вафот этган”, - дейилган хабарда.
Мазкур ҳолат юзасидан ЖКнинг 266-моддаси 3-қисми “а” банди (одамлар ўлимига олиб келган транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.