ТОШКЕНТ, 28 июн — Sputnik. Ўзбекистонда коронавируснинг 22-қурбони қайд этилди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар қилмоқда.
Тошкент шаҳри Юнусобод туманида яшовчи, 42 ёшли Д.Х. (эркак) жорий йил 20 июнь куни бош мия қон айланиши ўткир бузилиши (инсульт)нинг қайталаниши билан (2018 йилда биринчи маротаба инсульт бўлган) ўта оғир ҳолатда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази реанимация бўлимига ётқизилган.
Беморда 22 июнь куни коронавирус аниқланган ва унга ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида Тошкент тиббиёт академиясининг кўп тармоқли клиникасига ўтказилган ҳамда аҳволи кескин ёмонлашганлиги сабабли сунъий нафас олдириш аппаратига олинган.
Бироқ муолажаларига қарамасдан бемор бош мия қон айланишининг ўткир бузилиши, ўткир нафас ва ўпка-юрак етишмовчилигидан вафот этди.
Бироз аввал тошкентлик шифокор коронавируснинг 21 қурбонига айлангани хабар қилинган эди.