Россиядан Ўзбекистонга 200 нафардан зиёд талаба олиб келинди

Тошкент темир йўл муҳандислари институтининг Россия университетларида таҳсил олаётган 220 нафар талабалари ватанга олиб келинди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 29 июн — Sputnik. Россия университетларида таҳсил олаётган 220 нафар талабалар Москвадан Тошкентга чартер рейс билан олиб келинди. Бу ҳақда “Ўзбекистон темир йўллари” матбуот хизмати хабар қилмоқда.

Аниқлик киритилишича, ватанга Тошкент темир йўл муҳандислари институтининг Н.Э. Бауман номидаги Москва давлат техника университети, Москва пўлат ва қотишмалар институти, Россия транспорт университети, Санкт-Петербург давлат темир йўл транспорти университети, Омск давлат темир йўл муҳандиси университети ва Москва архитектура институтида таҳсил олаётган бакалавр, магистр ва аспирантлари қайтган.

Волгоградда 10 нафар ўзбекистонлик талабада коронавирус аниқланди

Барча талабалар Тошкент темир йўл муҳандислари институти талабалар турар жойида карантинга олинди. 

“Ўзбекистон темир йўллари” компанияси карантин даврида талабалар учун барча зарур маиший шароитлар яратиб беради. Уч маҳал иссиқ овқат, онлайн тарзда ўқишни давом эттираётган талабалар учун юқори тезликдаги интернет хизмати мавжуд.  14 кунлик карантин давридан сўнг барча талабалар уйларига юборилади.

Шунингдек,  яқин кунларда Шимолий Кавказ кон-металлургия институтида таҳсил олаётган яна 102 нафар талабанинг ватанга олиб келишини ташкил этиш режалаштирилган.