Коронавирус Марказий Осиёда: Қирғизистонда вирус президент девонигача кириб борди

Қозоғистонда бир ҳафта ичида 55 киши вирус қурбонига айланди, Ўзбекистонда касалланиш ва тузалиш рекорди янгиланмоқда, Тожикистонда 75,7 фоиз бемор тузалди, Қирғизистонда вирус президент девонигача кириб борди.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 28 июн — Sputnik. Сўнгги тақдим этилган маълумотларга кўра, Марказий Осиё давлатларида жами 39 052 та коронавирус билан боғлиқ ҳолат қайд этилган.

Қозоғистонда вазият оғирлигича қолмоқда. Мамлакат минтақада ҳолат ва ўлим бўйича етакчилик қилмоқда. Қозоғистонда ўтган кун давомида 461 та янги ҳолат тасдиқланган ва бирданига 16 киши вафот этган. Касалланганларнинг умумий сони 20 780 нафарга етган. Шулардан 12 824 нафари тузалиб кетган. Жами 173 та ўлим ҳолати кузатилган. Ҳафта давомида 55 киши вирус қурбонига айланган. Бундан ташқари, Қозоғистонда касаллик аломатларисиз ўтаётган беморлар сони 15 573 нафарга етган. Бу ҳам ўтган ҳафтага қараганда деярли бир бараварга кўпроқ. Улар алоҳида қайд этилади ва асосий статистикага киритилмайди.

Коронавирусга чалинган Қозоғистон ССВ раҳбари вазифасидан озод қилинди

Ўзбекистонда ўтган кун давомида 255 та янги ҳолат аниқланди. Шундан 169 таси карантин муассасаларида, 54 таси аҳоли орасида (39 та Тошкент шаҳрида, 6 та Тошкент вилоятида, 4 та Сирдарё вилоятида, яна 4 та Сурхондарё вилоятида, 1 та Бухоро вилоятида), қолган 32 таси эса халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида аниқланган. Қолаверса, кунлик тузалиш рекорди янгиланган: бир кунда 202 бемор тузалди ва уйларига кузатилди.

Аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолати бироз ошган. Масалан, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ ходими, шаҳар  ички ишлар тизими ходими, пойтахтдаги автосарой кондукторида коронавирус аниқланган. Шунингдек, Бухоро давлат университети магистрида (Афғонистон фуқароси), Хоразм вилояти Хонқа туманида яшовчи фуқаро ва унинг 7 нафар оила аъзосида ҳам коронавирус тасдиқланган.

2020 йил 28 июнь соат 10:00 ҳолатига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 7725 (+43) нафарни ташкил этмоқда.

Коронавирусдан холи вилоятда аҳоли орасида COVID-19 аниқланди

Республика бўйлаб 5240 нафар (67 фоиз) бемор бутунлай даволаниб чиққан. Мамлакатда эпидемия бошлангандан буён 20 та ўлим ҳолати кузатилган.

Тожикистонда минтақада энг охирида (30 апрель куни) коронавирус аниқланган эди. Сўнгги маълумотларга кўра, аниқланаётган кунлик ҳолатлар 70 тага етмайди. Қайд этиш жоизки, бу минтақадаги бошқа давлатларга қараганда бир неча бараварга камроқ.

Ўтган кун давомида 52 кишида коронавирус аниқланган бўлса, 60 киши дарддан фориғ бўлган. Коронавирус билан касалланганларнинг умумий сони 5799 нафарга етган. Шулардан 4391 нафари (75,7 фоизи) тузалиб кетишга муваффақ бўлган. Қурбонлар сони эса 52 кишини ташкил этмоқда.

БССТ коронавирус шиддат билан тарқалаётган давлатлар рўйхатини эълон қилди

Қирғизистонда ўтган сутка давомида 309 та янги ҳолат аниқланган. Касалланганларнинг умумий сони 4748 нафарни ташкил этмоқда. Шулардан 2242 нафари (47,2 фоизи) COVID-19ни енгган. 77 та ўлим ҳолати кузатилган. Бу ўтган ҳафтага қараганда 10 тага кўпроқ.

Қирғизистонда коронавирус президент девонигача кириб борган. Жами 26 нафар ходим, жумладан, девон раҳбарида ҳам коронавирус аниқланган.

Туркманистонда эса ҳозирга қадар коронавирус расман қайд этилмаган ва у минтақадаги инфекциядан холи мамлакат бўлиб турибди.

Бутун дунё бўйлаб 10 миллионга яқин киши коронавирус юқтириб олган. 5,4 миллиондан ортиқ киши шифо топган. Қурбонлар сони 500 мингдан ошган.