ТОШКЕНТ, 26 июн — Sputnik. Коронавирус инфекцияси шиддат ила тарқалаётган 11та мамлакат рўйхати шакллантирилди. Улар орасида Марказий Осиё мамлакатлари ҳам бор. Бу ҳақда Бутунжаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти Европа минтақавий бюроси директори Ханс Клюгенинг докладида айтилган.
"Мамлакатлар чораларга тузатишлар киритаётган бир неча ҳафта давомида мен инфекция қайта авж олиши хавфи ҳақида гапирган эдим. Европанинг айрим мамлакатларида бу хатар реал тус олди - 30та давлат ва ҳудудларда охирги икки ҳафта давомида янги ҳолатлар сони ортди. Шу давлатларнинг 11тасида касалликнинг шиддат ила юқиши тарқалишни кенгайтирди. Агар буни тўхтатмаса, бу авж олиш яна Европа соғлиқни сақлаш тизимини инқироз ёқасига олиб келиб қўяди", - деди Клюге.
Клюге томонидан кўрсатилган 11та давлат рўйхатига Арманистон, Швеция, Молдова, Шимолий Македония, Озарбайжон, Қозоғистон, Албания, Босния ва Герцеговина, Қирғизистон, Украина ва Косово киритилди.