ТОШКЕНТ, 25 июн - Sputnik. Волгоград давлат аграр университетида таҳсил олаётган ўзбекистонлик талабаларда коронавирус инфекцияси қайд этилди, деб хабар бермоқда “Дунё” АА.
Мамлакатнинг Ростов-Дон шаҳридаги бош консулхонаси хабарига кўра, айни пайтда университет администрацияси билан алоқа ўрнатилиб, вазият назоратга олинган.
“Касалликка чалинган 10 нафар талаба COVID-19 дан даволанишга ихтисослашган шаҳар шифохонасига ётқизилди”, - дейилган хабарда.
Коронавирусга чалинган беморлар билан алоқада бўлган барча кишилар Волгоград давлат аграр университетининг талабалар турар жойи биносида карантинга олинган.
Эслатиб ўтамиз, июнь ойининг бошларида Санкт-Петербургда Давлат темир йўл транспорти университети (ПГУПС) талабалари коронавирус мавжудлиги бўйича ўтказилган тестлари мусбат чиққанлигини яширишган эди. Университет тезкор штаби ушбу вазиятни йиғилишда кўриб чиққан ва ректор номига ушбу ўзбекистонлик талабаларга “талабалар сафидан чиқаришгача” бўлган интизомий чора кўришни сўраб илтимоснома киритган эди. Натижада уларга танбеҳ берилган, холос.