Эмомали Раҳмонга уюштирилган суиъқасд кадрлари эълон қилинди

1997 йил апрел ойида Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон суиъқасдни бошдан кечирди. Ушбу ҳодисадан 23 йил ўтгач, ҳужумнинг янги тасвирлари эълон қилинди
Sputnik

ТОШКЕНТ, 25 июн — Sputnik. Тожикистон миллий бирдамлик куни арафасида президент Имомали Раҳмон ҳаёти ҳақида ноёб видеохроника кадрлари оммага эълон қилинди.

1997 йилги кадрларда апрель ойининг охирида, Раҳмонга илк суиъқасд уюштирилган ҳодиса акс этган.

Давлат раҳбарининг Facebookдаги расмий саҳифасида пайдо бўлган видеода Раҳмоннинг Сўғд вилоятига қилган ташрифи, шунингдек, ўша ҳужумнинг ноёб кадрлари муҳрланган.

Ушбу суиъқасд 1997 йилнинг 30 апрел санасида Тожикистон раҳбари маҳаллий университетнинг 65 йиллик юбилейи тантанасида иштирок этиш мақсадида ишчи ташриф билан Хўжандга борганида уюштирилган.

Эмомали Раҳмон ўзини мусиқий клипларда кўришни хоҳламайди

Кадрларда олийгоҳ атрофида кўплаб одамлар тўплангани акс этган. Айнан шу вақтда оломон ичида бўлган ёвуз ниятли кимса президент томонга қарата гранатани улоқтирган.

Террористик акт оқибатида икки киши ҳалок бўлган, яна 75 киши, шу жумладан, Эмомали Раҳмоннинг ўзи ҳам жароҳат олган.

Видеода гранатанинг портлаган товуши ва давомли ўқ товушларини эшитиш мумкин. Яраланган фуқароларни майдондан носилкаларда олиб кетишмоқда. Президентни бино ичига олиб киришга улгуришади, аммо у оёғидан жароҳат олади.

Видеода шифокорлар чуқур жароҳатга ишлов бераётгани ҳам акс этган. Суиъқасда қарамай, Тожикистон раҳбари университетдаги тантанали маросимда иштирок этиш қарорини қабул қилади.

"Бу тожик халқи душмани қўли билан амалга оширилган. Буни амалга оширган - миллатимиз душманидир", - дея изоҳ берган эди Тожикистон президенти амалга оширилган ҳужумга.

Эмомали Раҳмонга суъиқасд уюштирмоқчи бўлган террорчи 8,5 йилга қамалди

1997 йилги суиъқасднинг икки ташкилотчиси ҳибсга олинган ва ўлим жазосига маҳкум этилган, яна бир жиноятчи эса қўлга олиниш давомида йўқ қилинган эди.

Аввал бошда президентни ўлимдан Якуб Салимов қутқариб қолгани ҳақида хабар берилган эди. У президентни вақтида четга итариб юборган ва уни ўз гавдаси билан пана қилган. Телевидения орқали чиқишида Раҳмон: "Тожиклар, сиз ўз президентингизни ким қутқариб қолганини ёдда тутишларингиз лозим, менинг фарзандларим ва фарзандларимнинг фарзандлари ҳам буни ҳамиша ёдда тутадилар!", - деган эди.

Сўнгра Салимов хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиш, қурол савдоси, жиноий гуруҳларни ташкил этиш ва давлат тўнтаришини амалга оширишга уринганликда айбланди. У Бош прокуратура талаби билан 2003 йилда Москвада ҳибсга олинди ва бир йилдан сўнг Тожикистонга экстрадация қилинди.

Суд уни 15 йиллик қамоқ жазосига ҳукм этди.

Яқинда эса Раҳмонни бошқа одам - ўз ҳаракатини оммага билдиришни истамаган тан соқчи Мурод Саидов қутқариб қолгани ҳақида версия илгари сурилди.