Туркиядаги Ўзбекистон фуқароларига мурожаат қилинди

Туркиядаги хорижликлар халқаро транспорт қатновига рухсат берилганидан сўнг бир ойлик муҳлатда чиқиб кетишлари ёки виза/вақтинча рўйхатдан ўтиш муддатини қайтадан расмийлаштиришлари зарур.
Sputnik

ТОШКЕНТ, 21 июн — Sputnik. Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси Туркия ҳудудида вақтинчалик бўлиб турган фуқароларга мурожаат қилди.

Таъкидланишича, Туркияда янги турдаги коронавирус эпидемияси туфайли парвозларнинг бекор қилиниши сабабли, виза/вақтинча рўйхатдан ўтиш муҳлатлари ўтказиб юборилган Ўзбекистон фуқароларига нисбатан жазолар қўлланилмаслиги қарор қабул қилинган эди.

Россияда мигрантлар бугундан патент расмийлаштириши зарур

Туркияда эпидемиологик вазиятни барқарорлашиб бориши, қатор хорижий давлатлар билан авиақатновни тикланиши сабабли Туркия ҳукумати бу йўналишда қўшимча чоралар қабул қилмоқда.

Хусусан, Туркия ИИВ томонидан тарқатилган йўриқномага асосан, мамлакат ҳудудини маълум сабабларга кўра тарк этмаган чет эл фуқаролари (транспорт алоқалари тўхтатилган вақтдан вазият нормаллашган муддатга қадар), ҳамда кириш визаси ва вақтинча рўйхатдан ўтиш муҳлатлари ўтказиб юборилган хорижий фуқаролар, Туркиянинг ўз давлатлари билан транспорт қатновига рухсат берилганидан сўнг бир ойлик муҳлатда чиқиб кетишлари ёки виза/вақтинча рўйхатдан ўтиш муддатини қайтадан расмийлаштиришлари зарур.

“Шу сабабли, Туркия ҳудудида бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларига Туркия томонидан қабул қилинган ушбу қарор талабларини инобатга олиш ва коронавирус касаллигидан ўзини ҳимоялаш бўйича барча зарур талабларга риоя этиш тавсия этилади”, - дейилган хабарда.

Сўнгги маълумотларга кўра, Туркияда 186 мингдан зиёд коронавирус ҳолати аниқланган. 159 мингдан зиёд киши ушбу касалликни енгган. Жами 4927 та ўлим ҳолати кузатилган.