ТОШКЕНТ, 16 июн — Sputnik. Россия президенти Владимир Путин мамлакат ҳудудида чет эл фуқароларининг қонуний бўлишига доир 18 апрелдаги фармонига ўзгартиришлар киритди.
Россия президентининг 2020 йил 15 июндаги 392-сонли фармони билан киритилган ўзгартиришларга кўра, бугундан, яъни 16 июндан бошлаб Россияда чет эл фуқароларининг ишлаш ҳуқуқини берувчи рухсатнома, шу жумладан, патент расмийлаштириш талаб этилади. Илгари 15 мартдан 15 июнга қадар иш берувчиларга мигрантларни патентсиз ишга қабул қилиш ҳуқуқи берилган эди.
Шунингдек, фармон билан:
- чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг Россияда вақтинча бўлиш, вақтинча ёки доимий яшаш, яшаш жойида рўйхатда туриш муддатлари 2020 йилнинг 15 сентябргача тугаши кўзда тутилган бўлса, ушбу муддатларни тугатмаслик;
- Россиядан маъмурий тартибда чиқариб юбориш тўғрисида қарор қабул қилинган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг мамлакатдан ихтиёрий чиқиб кетиш, депортация қилиш муддатларини 2020 йилнинг 15 сентябрига қадар узайтириш белгиланган.