ТОШКЕНТ, 18 июн — Sputnik. Тахиатош ИЭСда 280 МВт қувватдаги иккинчи буғ-газ қурилмаси ишга туширилди. Бу ҳақда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ матбуот хизмати хабар берди.
“Ушбу буғ-газ қурилмасининг ишга туширилиши Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятининг электр энергиясига бўлган эҳтиёжини таъминлашга хизмат қилади”, - дейилган хабарда. Қурилма синов тариқасида ишламоқда.
Ушбу йирик инвестицион лойиҳани амалга ошириш мамлакат президентининг 2017 йил 11 сентябрдаги қарорида кўзда тутилган.
Лойиҳа замонавий илғор технологиялар асосида Жанубий Кореянинг Hyundai Engineering ва Hyundai Engineering & Construction компаниялари консорциуми билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 3 апрель куни Тахиатош ИЭСда дастлабки буғ-газ қурилмаси ишга туширилган эди.