ТОШКЕНТ, 17 июн — Sputnik. Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлигида Япония ҳукуматининг беғараз ёрдам дастури доирасида юқори технологияли тиббий асбоб-ускуналар етказиб бериш лойиҳаси бўйича ҳужжатлар тўпламини имзолаш маросими бўлиб ўтди. Уни Соғлиқни сақлаш вазири Aлишер Шадманов ва Япониянинг мамлакатдаги элчиси Фужияма Ёшинори имзолади.
ССВ матбуот хизмати хабарига кўра, грантнинг умумий миқдори 500 миллион иен (тахминан 4,5 миллион АҚШ доллари)ни ташкил қилади.
Ушбу маблағларга ультратовуш аппаратидан тортиб, рақамли рентген аппарати, компьютер томографи, маммограф каби замонавий технологиялардан иборат инновацион кўчма диагностика станцияси (контейнер); ПЦР лабораторияси, ультратовуш аппарати, рақамли рентген аппарати, маммографдан иборат юзлаб касалликларга қисқа фурсат ичида аниқ ташхис қўйиш имкониятига эга бўлган кўчма лаборатория (контейнер); шунингдек, юқумли касалликлар шифохоналари учун 3 та компьютер томографи етказиб берилади.
Таъкидланишича, лойиҳанинг мақсади – COVID-19 пандемияси даврида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими моддий техник базасини янада мустаҳкамлашдан иборат. Кўплаб юқори технологияли ускуналарни ўзида жам қилган ушбу мобил поликлиникаларни мамлакатнинг исталган ҳудудига етказиш мумкин. Aйниқса, юқумли касалликлар ўчоғи пайдо бўлган тақдирда замонавий диагностика ва лаборатория жиҳозларининг тўлиқ тўпламидан иборат контейнер маҳаллий аҳолига тез ва сифатли тиббий ёрдам кўрсатиш имконини беради.